20:44 / 27.04.2018
4709

Mail.ru Group блокланишни четлаб ўтиш учун прокси-серверларни ишга туширди

Фото: РИА Новости / Евгений Биятов

“Одноклассники”, “Мой мир” ва “ВКонтакте” ижтимоий тармоқларига эгалик қилувчи Mail.ru Group блокланиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун ўз прокси-серверини ишга туширди. Бу ҳақда компаниянинг хабарида айтилган.  

26 апрелда “ВКонтакте”, “Яндекс”, Twitter, Facebook, “Одноклассники”, Yahoo ва Liveinternet хизматининг IP-адреслари тақиқланган сайтлар рўйхатига тушди. Роскомнадзорнинг тушунтиришича, муайян IP-адресларнинг рўйхатга тушиши тизимлар ишининг технологик хусусиятлари билан боғланган ва ҳозирда ресурслар блокланишдан чиқарилган.

“Сизнинг севимли хизматларингизга барқарор кира олишингиз учун проксини ишга туширдик. Бемалол фойдаланинг!”, дейилган хабарда.

Компания матбуот хизматида маълумот тасдиқланган. Шу билан бирга компанияда бу ҳолатни маълум хизматлар блокланиши билан боғлашмаяпти. 

Роскомнадзор 16 апрелдан Россияда Telegram мессенжерини блоклашни бошлаган. Telegram блоклашни четлаб ўтиш учун Amazon ва Google’нинг хостингларини қўллашни бошлагани учун Роскомнадзор бу компанияларнинг мессенжерда қўлланувчи IP-адресларини блоклашни бошлаган. Бунинг ортида бир қатор четки ресурслар ишлашида Россияда муаммолар юзага келган. 

Top