Ўзбекистон | 21:04 / 28.04.2018
11493
4 дақиқада ўқилади

Самарқандда мажбурий меҳнатни батамом чеклаш борасида учрашувлар бўлиб ўтмоқда

Каттақўрғон туманининг 42-мактаби ўқитувчиси, мажбурий меҳнатга жалб этилган Диана Еникееванинг фожиали ўлими катта шов-шувни келтириб чиқаргач, бу воқеани Сирдарё вилояти фаоллари билан учрашувда давлатимиз раҳбари ҳам шахсан тилга олгач, республикамизда таълим ва тиббиёт соҳаси, умуман, ижтимоий соҳа ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилишни чеклаш юзасидан чора-тадбирларни кучайтириш бўйича ишлар жонланди.

Жумладан, Самарқанд вилояти халқ депутатлари вилоят кенгашининг «Ҳудудларда дала ва тозалаш, ободонлаштириш ишларига ижтимоий соҳа вакилларини жалб қилишни тақиқлаш ва ушбу ҳолатга йўл қўйган ҳокимлар ҳамда раҳбарларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини оширишга қаратилган чоралар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорда вилоятда айни дамда ижтимоий соҳа ташкилотларида жами 148 мингдан ортиқ, жумладан, халқ таълимида — 67 минг, ўрта-махсус ва касб-ҳунар таълими соҳасида — 16 минг, олий таълим муассасаларида — 5 минг, соғлиқни сақлаш тизимида 44 минг нафар ходим фаолият кўрсатиб келаётгани таъкидланган.

Таълим муассасаларида 28 минг талаба ва 735 минг 682 нафар мактаб ўқувчиси ўқиётганлиги қайд этилган.

Халқ депутатлари вилоят кенгашининг қарори билан вилоят ҳокими ўринбосари Р.Қобилов, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Р.Йўлдошев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А.Жўраев, олий ва ўрта махсус таълим даргоҳлари, шаҳарлар ва туманлар ҳокимларига ҳудудларда дала ва тозалаш, ободонлаштириш ишларига тиббиёт ва таълим муассасалари ходимлари, талабалар ва ижтимоий соҳа вакилларини жалб қилишни тақиқлаш чораларини кўриш вазифаси топширилди.

Шунингдек, ҳудудларда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, айниқса, бюджет ташкилотлари ходимларини қишлоқ хўжалиги, коммунал хўжалик, қурилиш ва ободонлаштириш, иккиламчи хомашё йиғиш ишларига мажбур этилмаслиги устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш мақсадида Олий Мажлис сенати аъзолари ва халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари ҳудудларга бириктирилди.

Қарор ижросини назорат қилиш Халқ депутатлари вилоят кенгашининг Қонунийлик, ҳуқуқ тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича доимий комиссияси раҳбари О.Ахтамов ва вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов зиммаларига юклатилган.

KUN.UZ мухбири О.Ахтамов билан биргаликда Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти, Самарқанд туманидаги мактабгача таълим муассасаси, туман тиббиёт бирлашмаси, шунингдек, шу туманда жойлашган 10-мактаб жамоаси билан бўлиб ўтган учрашувларида ҳамроҳлик қилди.

Учрашувларда Президентимизнинг Сирдарё вилоят фаоллари билан бўлиб ўтган учрашувда ўқитувчилар, тиббиёт соҳаси ходимлари ва талабаларга ижтимоий соҳа вакилларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Бош вазир бошчилигида ўтказилган селектор йиғилиши ва Халқ депутатлари вилоят кенгаши қарори мазмун моҳияти тушунтирилиб, мажбурий меҳнатга мажбурланган ҳолатларда қандай йўл тутишлари ҳақида кўрсатмалар берилди.

Қизғин мунозара ва эркин мулоқот шаклида ўтган учрашувларда, тиббиёт ходимлари, тарбиячилар ва ўқитувчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди, уларнинг тавсия ва таклифлари ҳам тингланди.

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид