19:12 / 01.05.2018
11420

МБ томонидан мажбурий резервлар нормативларига ўзгартириш киритилди

Фото: Kun.uz

Пул-кредит сиёсати инструментларининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви тижорат банкларининг Марказий банкда депозитга ўтказиладиган мажбурий резервлари бўйича такомиллаштирилган тартибни ва янги нормативларни жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилди.

2018 йилнинг 1 июнидан бошлаб, тижорат банкларининг Марказий банкка мажбурий резервларни ўтказиш тартиби ва нормативларига қуйидагича ўзгартиришлар киритилди:

- тижорат банклари томонидан мажбурий резервларнинг шакллантирилиши, жалб қилинган мажбурият ва депозитлар валютасидан келиб чиқиб, мос равишда миллий ва хорижий валютада амалга оширилиши белгиланди;

- мажбурий резервга тортиладиган базага жисмоний шахслар депозитлари ҳам киритилди;

- мажбурий резервлар миқдорига нисбатан 0,1 ўртачалаш коэффициенти ўрнатилди.

Айни вақтда, депозитларнинг муддатлари бўйича мажбурий резерв нормативлари қайта кўриб чиқилди. Бунда муддатлари 1 йилдан 2 йилгача ва 2 йилдан юқори бўлган депозитлар ҳамда бошқа мажбуриятлар учун уларнинг валюта турига қараб табақалаштирилган нормативлар ўрнатилди.

Ушбу ўзгартиришлар тижорат банкларининг узоқ муддатли ресурс базасини шакллантириш ва кенгайтириш борасидаги фаолиятини рағбатлантириш, миллий валютадаги депозитлар жозибадорлигини ошириш ва банк тизимидаги долларизация даражасини пасайтиришга хизмат қилади.

Ўрта муддатли истиқболда, пул-кредит сиёсати бошқа инструментларининг ривожлантирилиши ва уларнинг таъсир каналларининг кучайиб бориши билан юридик шахслар депозитлари бўйича мажбурий резерв нормативларини босқичма-босқич пасайтириш орқали жисмоний ва юридик шахслар депозитлари бўйича мажбурий резерв нормативлари бир хил даражага келтирилади.

Top