Жаҳон | 23:04 / 07.05.2018
10677
2 дақиқада ўқилади

Японияда болалар сони рекорд даражада паст кўрсаткичга етди 

Фото: Reuters

Мана 37 йилдирки, Японияда болалар сони аввалги  йилларга нисбатан 170 минг нафарга қисқарди, бу эса мамлакат аҳолисининг кексайиб бораётгани ва аҳоли сонининг қисқараётганидан далолат беради. DailySabah шу ҳақида хабар берди

Япония ички ишлар ва алоқалар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотларда 1 апрель ҳолатига кўра мамлакатда жами 15,53 миллион бола қайд этилган. Бунда 12 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар сони энг юқори коэффициентга эга бўлган. 

Вазирлик маълумотларига кўра, Японияда болалар сони 1899 йилдаги ҳисоб-китоблардан буён биринчи марта шу даражада паст натижани қайд этган. 

Япониянинг 126 миллион нафар аҳолисининг 12,3 фоизинигина болалар ташкил қилади. АҚШда бу кўрсаткич - 18,9 фоиз, Туркияда - 28,7 фоиз ва Ҳиндистонда 30,8 фоиздан иборат. 

Ҳукумат узоқ йиллар давомида оилаларни кўпроқ фарзанд кўришга ундамоқда, бироқ аҳоли қисқаришда ва кексайишда давом этмоқда. 

Июль ойида тақдим этилган маълумотларга кўра, 65 ёш ва ундан катта ёшдаги кишилар Япония аҳолиси умумий сонининг 27,2 фоизни ташкил қилган. 14 ёш ва ундан кичиклар сони эса рекорд даражада минимумни - 12,7 фоизни қайд этади. 

Ҳукумат ёшларни фарзанд кўришига ундаш йўлида имкон қадар шароит яратди ва фирмаларни уларнинг иш ҳақини ошириш ва оила ҳамда иш ўртасида соғлом мувозанатни сақлашда ёрдам беришга чақирди. Бироқ бу саъй-ҳаракатлар сезиларли ўзгаришларга олиб келгани йўқ. 

 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид