Ўзбекистон | 16:50 / 10.05.2018
10641
2 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрлаш борасидаги камчиликлар белгилаб берилди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси президенти қарори билан қишлоқ хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрлаш борасидаги камчиликлар белгилаб берилди

Қайд этилишича, қишлоқ хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрлаш борасида бугунги кунда ўз ечимини кутаётган долзарб муаммолар ва камчиликлар сақланиб қолмоқда. Бунда:

биринчидан, аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, жадаллик билан жорий этилаётган замонавий интенсив, ресурстежамкор технологиялар хамда илғор тажрибалар фан дастурларида ўзининг аксини топмаганлиги, таълим йўналишлари бўйича замонавий талаблар асосида яратилган методик таъминотлар билан тўлиқ таъминланмаганлиги ҳамда университетнинг ўқув-лаборатория базаси маънан ва жисмонан эскирганлиги натижасида талабалар замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлмаётганлиги сабабли битирувчиларнинг мутахассислиги бўйича ишга жойлашишида муаммолар мавжуд;

иккинчидан, мутахассислар тайёрлаш юзасидан эҳтиёжлар чуқур таҳлил қилинмаганлиги оқибатида соҳада илғор агротехнология, инновацион ва ахборот-коммуникацион технологияларни жорий этиш каби йўналишларда олий маълумотли кадрлар етишмаслиги юзага келди;

учинчидан, профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти, касбий билим даражаси, шунингдек, амалий тажрибаларини доимий ошириб бориш механизмларини жорий этиш, уларнинг касбий салоҳиятини оширишда хорижий илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг илғор тажрибаларидан самарали фойдаланилмаяпти;

тўртинчидан, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграцияси таъминланмаганлиги, илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлашнинг тизимли ташкил этилмаганлиги, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги олиб борилган илмий изланишларнинг соҳадаги мавжуд долзарб илмий муаммолар ечимларига қаратилмаганлиги оқибатида илмий фаолиятнинг самарадорлиги пастлигича қолмоқда;

бешинчидан, талабаларнинг ишлаб чиқариш ва малакавий амалиётларини қишлоқ хўжалиги экинларининг агротехник тадбирлари мавсумига мослаштирилмаганлиги ва самарали ташкил этилмаганлиги оқибатида битирувчиларнинг амалий кўникмалари талаб даражасида эмас.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид