Жаҳон | 09:27 / 11.05.2018
6835
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжоннинг яхлитлиги Қорабоғ масаласи бўйича музокаралар мавзуси бўлмайди – Алиев 

Фото: Day.Az

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев мамлакатнинг ҳудудий яхлитлиги Қорабоғ ихтилофини тартибга солиш бўйича музокаралар мавзуси ҳисобланмаслигини айтди.

Арманистоннинг янги бош вазири Никол Пашинян Озарбойжон раҳбарияти билан Қорабоғ ихтилофини тартибга солиш бўйича музокараларни уларда тан олинмаган Тоғли Қорабоғ ҳам иштирок этиш шарти билан ўтказишга тайёрлигини билдирган.

“Бизнинг Тоғли Қорабоғ ихтилофи бўйича қатъий позициямиз ўзгаришсиз қолади. Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлиги тўлиқ ва сўзсиз таъминланиши лозим.  Адолат ва халқаро ҳуқуқ буни талаб қилмоқда. Тоғли Қорабоғ Озарбойжоннинг ажралмас қисмидир”, деб айтган Алиев ўз отаси, Озарбойжоннинг собиқ президенти, марҳум Ҳайдар Алиев таваллуд кунининг 95 йиллигига бағишланган тантанали маросимда.   

Алиев “Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлиги музокаралар мавзуси эмаслигини, ҳеч қачон бўлмагани ва бундан буёғига ҳам бўлмаслигини” таъкидлаб ўтган.

Қорабоғ ихтилофи 1988 йилда Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти Озарбойжон ҳудудидан чиқишини маълум қилгандан кейин бошланган. 1991 йил сентябрда Тоғли Қорабоғ маркази Степанакертда Тоғли Қорабоғ Республикаси ташкил этилгани эълон қилинган. Озарбойжон ҳукумати кейинги юз берган ҳарбий ихтилофда Тоғли Қорабоғ устидан назоратни йўқотган.

Мавзуга оид