АҚШнинг Техас штатида ҳарбий вертолёт хато туфайли мактаб биноси томига ичида ўқ-дорилар бўлган контейнерни ташлаб юборди. Бу ҳақда Fox News хабар бермоқда.
Таъкидланишича, ҳодиса Эль-Пасо шаҳрида юз берди. Форт Блисс ҳарбий базасидан парвоз қилган вертолёт мактаб биноси узра учиб ўтаётиб, тасодифан ўқ-дориларни ташлаб юборган. Шу билан бирга, контейнер томни тешиб ўтиб, бино ичига тушгани айтиляпти. Полициячилар барча ўқ-дориларни йиғиб чиқишди ва уларни ҳарбий базага қайтариб олиб келишди.
«Мен бошланғич мактабга етказилган зарардан жуда афсусдаман. Шундан хурсандманки, ҳеч ким жабрланмади», - дея маълум қилди ҳарбий база қўмондони, полковник Жей Хопкинс.
Олинган маълумотларга кўра, айни дамда рўй берган воқеа тафсилотлари аниқлаштирилмоқда. Бундан ташқари, бундай вазиятлар келажакда юз бермаслиги учун парвозлар йўналиши ўзгартирилади.