Жаҳон | 00:21 / 20.05.2018
5081
2 дақиқада ўқилади

Истанбул ва Кобулни боғловчи янги ҳаво йўналиши очилмоқда

Яқин кунларда Истанбулни Кобул билан боғловчи янги ҳаво йўлаги очилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Афғонистон савдо ва саноат вазирлиги вакили Муафир Қўқондий маълум қилди. 

Қўқондийнинг айтишича, янги йўналиш икки давлат ўртасидаги савдо айланмасини оширишга имкон беради. Унинг таъкидлашича, Туркия билан ҳаво йўлаги Афғонистонни ташқи дунё билан боғловчи учинчи ҳаво кўприги бўлади. Айни вақтда бундай йўналишлар Ҳиндистон ва Қозоғистон билан йўлга қўйилган.

Афғонистон ҳукумати янги йўналиш эвазига маҳаллий маҳсулотларни Европа бозорига ҳам олиб чиқишни режалаштирмоқда.   

Қўқондийнинг айтишича, Туркиянинг Turkish Airlines авиакомпанияси билан келишувга кўра, биринчи рейс орқали Истанбулга Афғонистондан 15 тонна юк: кийим-кечак, қуруқ ва ҳўл мевалар ҳамда доривор ўт-ўланлар етказилади. 

“Бу транспорт Афғонистон учун жуда муҳимдир. У Туркия маҳсулотларининг афғон бозорига етказилишини оширишга ҳам имкон беради”, деб таъкидлаб ўтган Қўқондий. 

Афғонистон вакилининг маълум қилишича, 2017 йилда Туркия Афғонистонга 172,3 млн долларлик маҳсулот етказган.

Мавзуга оид