Сайтимизга Тошкент шаҳри Юнусобод тумани Юнусобод-1 берк кўчаси 22-уйда истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари мурожаат қилишди. Мазкур кўп қаватли ётоқхонада бир неча йиллардан буён яшовчи фуқаролар ётоқхонага эгалик қилувчи ташкилот бинони Юнусобод тумани ҳокимлиги тасарруфига беришга қаршилик қилиб келаётгани, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 июндаги 413-сон қарори талабларини бажаришни асоссиз ортга сураётганини таъкидлашди.
Биз ушбу масалани ўрганиш мақсадида мурожаатчилар яшаётган ётоқхонага бордик ва фуқаролар билан учрашдик. Даставвал ҳужжатлар билан танишамиз. Унга кўра, мазкур бино собиқ Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг “Сувлойиҳа” бирлашмаси ҳисобидаги эканини англаймиз.
Бундан ташқари, собиқ Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 1999 йил 25 май, 2013 йил 2 сентябрь ҳамда 2018 йил 12 мартдаги “Сувлойиҳа” давлат унитар корхонасига йўллаган мактубларида юқоридаги манзилда жойлашган бинони хусусийлаштириш ва Юнусобод туман тасарруфига ўтказишга қарши эмаслиги, барча қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилган ҳолда ётоқхонани туман ҳокимлигига ўтказиш кўрсатилган.
Аммо, лекин, бироқ... Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 июндаги “Ўзбекистон Республикасида давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қарори 2-бандида «идоравий ҳужжат (ордер) асосида турар жой мақомини олган ётоқхоналардаги квартираларни хусусийлаштиришга доир битимларни нотариал тасдиқлашга ҳамда Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида давлат рўйхатидан ўтказишга, квартирани сотиб олаётган жисмоний шахс бўлиш жойида ҳисобда турган тақдирда, 2018 йил 1 июлгача истисно тариқасида рухсат этилсин”, дейилганига қарамай, “Сувлойиҳа” ДУК вазирлик розилик билдирган ётоқхонани хусусийлаштиришга шошилмаяпти.

Бу борада ушбу ётоқхонанинг ярмида яшаб келаётганлар нима дейди? Шу мақсадда мурожаатчилар сўзларига қулоқ тутамиз.
“Бизларнинг айримларимиз бу ерда ушбу бино қурилиб, фойдаланишга топширилганидан буён, 40 йиллардан бери истиқомат қилиб келамиз. Ота-оналаримиз ўша вақтларда “Водпроект” бирлашмасида ишлагани сабабли шу ётоқхонадан жой беришган. 1999 йилдан буён биз ётоқхонанинг ўзимиз яшаб келаётган хонадонларни хусусийлаштириш бўйича ҳаракат қилиб келамиз. Аммо самара бўлмаяпти. Барча саъй-ҳаракатларимиз занжир бўлиб “Сувлойиҳа” ДУКка келиб тўхтаяпти. Бу ташкилот раҳбарияти эса, турли, ҳатто ётоқхона тураржой мақомига эга эмас, деган важ билан ҳам хусусийлаштиришни ортга суриб келмоқда. Бизга хусусийлаштиришга рухсат беришсин, ахир. Давлат раҳбарияти рухсат берган нарсани нима учун булар пайсалга солишади?”, - дейди Рузина опа.


















