Ўзбекистон | 22:56 / 21.05.2018
22279
3 дақиқада ўқилади

Навоий вилояти ҳокимияти​ табиий офатдан жабрланган Сурхондарё​га инсонпарварлик ёрдами жўнат​ди

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Навоий вилояти ҳокимияти томонидан Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон туманидаги 18 май куни кўп миқдорда ёғингарчилик ёғиши оқибатида табиий офатдан жабрланганларга инсонпарварлик ёрдами жўнатилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, инсонпарварлик ёрдамининг умумий ҳажми қарийб 90 тоннани ташкил этади. Унинг таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари, иссиқ кўрпа-тўшак, ёстиқ ва биринчи эҳтиёж учун зарур бошқа товарлар мавжуд. Инсонпарварлик ёрдамини шакллантириш ва етказиш Навоий Фавқулодда вазиятлар бошқармасига юклатилган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Эслатиб ўтамиз, шу куни соат 17:30 да Наманган вилоятининг Косонсой тумани “Ровот”, “Гузар”, “Боғ” “Сойбўйи”, “Хонқўрғон”, “Янгишаҳар”, “Янгийўл”, “Қозоқовул” ва “Булоқбоши” маҳаллалари ҳудудида кучли жалали ёмғир ёғиши натижасида 543 та ховли қисман сув остида қолгани ҳақида хабар берилди. Шунингдек, Қашқадарё вилояти туманларида сел етказган талафотлар 5 кишининг ҳаётига зомин бўлгани ҳақида ҳам хабар берилди.​​

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги «Элобод», «Азларсой» ва «Богор» маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида сел оқими юзага келгани туфайли 754 киши эвакуация қилингани ҳақида хабар берган.​ 

«Kun.uz» мухбирининг хабар беришича, шу кунларда вақти-вақти билан ёғаётган кучли ёмғир Сурхондарё вилоятининг Бойсун, Олтинсой, Денов ва Қумқўрғон туманларида ҳам кучли сел оқимларини келтириб чиқарган. Жумладан, сел оқими туфайли Бойсун – Термиз автомобиль йўлининг бир қисмини ювиб кетган ва лойқага тўлдирган. ​

Навоий вилояти Навбаҳор туманида ​ҳам сел хавфи ошиб бормоқда, ҳозиргача нобуд бўлган майда ва йирик чорва молларининг сонини аниқлашнинг имкони йўқ, бироқ чорва моллари сонига етказилган талафот йирик миқдорда, ​дейди Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

Мавзуга оид