Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Македония собиқ бош вазири Mercedes-Benz хариди учун 2 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди
Фото: AP Photo / Matthias Schrader
Скопье суди 23 май куни Македониянинг собиқ бош вазири Никола Груевскийни 500 минг евродан ортиққа баҳоланувчи автомобиль хариди орқали ўз хизмат мавқеини суиистеъмол қилишда айбдор деб топиб, уни икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.
2012 йилда давлат бюджетига 573 минг еврога тушган Mercedes-Benz S600 автомобилини қўлга киритишдаги тахминий қонунбузарликлар сабаб мамлакат вазирлар маҳкамасининг собиқ раҳбари Никола Груевский ва собиқ ички ишлар вазири Гордан Янкулоскаяга нисбатан хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш айблови қўйилди. Шунингдек ИИВ раҳбари ёрдамчиси Жоко Поповски ҳам судланувчилар сафига қўшилди, унга хизмат мавқеи суиистеъмоли учун олти йиллик қамоқ жазоси белгиланди.
Айбловга кўра, махсус автомобиль собиқ бош вазирнинг хоҳиши ва шахсий эҳтиёжларини қондириш учун мамлакат ИИВ орқали харид қилинган.
Қамоқ жазосидан ташқари, суд айбланувчилар давлатга етказилган моддий зарарни қоплаши кераклигига доир қарор чиқарди.
Таъкидлаш жоизки, Груевский ва Поповски суд мажлисида иштирок этишмаган, Янкулоская билан боғлиқ жараён эса алоҳида кўриб чиқиши белгиланган, зеро айбланувчи айни дамда ҳомиладор.
Никола Груевский 2006 йилдан 2016 йилга қадар Македония ҳукуматига бошчилик қилган.