Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Андижон вилояти ҳокими биринчи ва иккинчи «товуқ боқиш кампанияси» ҳамда чегарадаги муаммоларга изоҳ берди
Жорий йилнинг 19-20 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятида бўлди. Давлат раҳбари ташриф давомида вилоятда олиб борилаётган иқтисодий-ижтимоий соҳадаги ишлар билан яқиндан танишди. Президент вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов фаолиятига юқори баҳо берди ва уни доим қўллаб-қувватлаши ҳақида маълум қилди.
Куни кеча вилоят ҳокими Андижон халқига мурожаат билан чиқиб, бундан кейинги режалар, мақсадлар, олиб бориладиган ишлар ҳақида баёнот берди. Ҳоким ўз чиқишида турли соҳалардаги қинғирликлар ва аҳолининг бугунги кун кайфиятига алоҳида тўхталиб ўтди.
1-қисм
2-қисм
Боқимандалик – энди у гаплар кетмайди
“Эътибор бердингизми, давлатимиз раҳбари АҚШдан қайтиб келгач, тўғри Андижон вилоятига ташриф буюрдилар. Бу ҳолатни менга: “Ҳозир бир соат ҳам ғанимат, ҳозир бемалол, бефарқ бўлиб ўтирсак, ҳаётдан ортда қолиб кетамиз”, деб изоҳладилар. У киши Андижонда “ҳар бир оила- тадбиркор” шиори остида янгича ислоҳотлар ўтказиш учун менга алоҳида топшириқлар бердилар.
Очиқ мулоқотда чиқаётганимнинг сабаби ҳам шу, бу гапларни ҳар ким ҳар хил талқин қилмасин. Боқимандачилик, ишламасдан “бер-бер” дейиш, ҳаракат қилмасдан нимадир талаб қилиш – бундай сиёсат бўлмайди. Ҳамма ҳаракат қилиши керак. Телевидение орқали кузатган бўлсангиз керак, икки оёғи йўқ қизнинг турмуш тарзини. У шу ҳолатида тикувчилик қилади, рўзғор ишларини юритади. Бу қиз ҳам ўзига, ҳам жамиятга фойда келтирмоқда. У айтади: “Менга униси-буниси ёрдам қиламан дейди, керак бўлса мен уларга ёрдам бераман”. Ҳар қандай оилани маълум бир йўналишга жалб этиш, уни етаклаш, ўргатиш, тушунтириш бизнинг вазифамиз. У ёғини тортиб кетиши унинг вазифаси. Агар шунда ҳам боқимандалик қилса, бундай оиланинг ҳеч кимга кераги йўқ”.
Ҳар бир хонадонга кириб чиқилади, ҳар бир оила тадбиркор бўлади
“Ҳар бир оила тадбиркор бўлади, у ўқитувчими, шифокорми, умуман, барча хонадонларга кириб буни тушунтирамиз. Бу – тепадан туриб олиб гапириш эмас. Ҳар бир хонадонга кириб, унинг ички имкониятларини ҳисобга олган ҳолда тадбиркорликка йўналтирамиз. Президентимиз Андижон вилоятига жуда катта маблағ ажратиб берди. Давлат катта-катта завод, фабрикалар қурмайди. Чунки биз ҳозир хусусийлаштириш йўли орқали кетяпмиз. Ҳозир биз завод, фабрика қураётган тадбиркорнинг қўлига қараб қолсак, Андижондек аҳолиси кўп вилоятни иш билан таъминлашга қийналиб қоламиз.
Шунинг учун ҳар бир оила ўзи ҳаракат қилсин. Давлат, ҳукумат эса ёрдам берсин, маблағ ажратсин. Ҳар бир туманга ўзим бошчилигимдаги гуруҳ бориб, 10 кун ўша ерда бўлиб, хонадонларга биттама-битта кириб чиқаман. Мен кабинетда ўтирволиб, “фалончи балиқ боқади, писмадончи товуқ боқади”, деб кредит ажратаверсам бўлмайди, чунки у оила балиқ боқа оладими, товуқ боқа оладими, бориб кўрмасангиз билолмайсиз-ку. Агар ўша оила маълум бир соҳада ўқимаган бўлса, керак бўлса, ўша ўзи ёқтирган йўналиш, соҳада ўзимиз ўқитиб оламиз.
Вилоятимизда 16та шаҳар ва туман бор. 550 мингдан ошиқ хонадон, 739 минг оила бор. Ҳар бир хонадонга кириб чиққунимизча, вақтни бой бериб қўйишимиз мумкин. Шу сабаб ҳар бир маҳаллада ўз вакилим бўлади. Фуқаролар бу вакилга бемалол мурожаат қилишлари мумкин.
Айрим ноинсоф раҳбарлар фирибгарлик қилишди...
Айрим банкирлар ва атрофимдаги ноинсоф раҳбарларнинг касрига кўп ишлар ўлда-жўлда қолди. Биласизми, товуқ 16 ой тухум беради. Тўрт ойлик бўлгандан кейин тухум беришни бошлайди. Товуқ тарқатиш жараёнида, хонадонларга кредит расмийлаштириб беришганида, шундай ўйинлар бўлдики, хонадонларга 14-15 ой тухум берган, тухум беришдан қолаётган товуқларни олиб бориб беришди. Оқибатда аҳолининг кайфияти давлатга тескари бўлди, олиб борилаётган ишларга ишончи йўқолди.
Бу йил бундай хатога йўл қўйилмайди. Наслли тухумларни очтириб, жўжаларни тўрт ой боқиб, улар энди тухумга кираётган паллада хонадонларга олиб бориб берилади. Рўзғорини боқишга ҳам, кредитини қоплашга ҳам имконият қилиб берилади.
Янги лойиҳа – маҳалла қошида агрофирма
“Товуқ боқадиганлар “Ҳар кунлик тухумларни қаёққа олиб чиқиб сотамиз, бизнинг бундай имкониятимиз йўқ-ку, ҳоким нима деяпти ўзи”, дейишлари мумкин. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун маҳаллаларда агрофирмалар ташкил қилдик. Буни маҳалла раисларининг барчаси билади. Хонадонлар тухумларини ўша агрофирмаларга олиб чиқиб беришса бўлди. Биз агрофирмаларни бозорлар билан, бюджет ташкилотлари билан шартнома қилдирамиз.
Экспорт масаласида ҳам президентимиз саъй-ҳаракатлари билан жуда кўп эшиклар очилди. Қўшни Афғонистон, Қирғизистон тухум олиш бўйича етакчи қўшни давлатлар ҳисобланади. Бир кунда Хўжаобод-Дўстлик ҳамда Маданият постларидан ўртача 7-8 минг одам ўтяпти. Ўтаётган одамларнинг камида 60 фоизининг қўлида ёки сабзавот ёки тухумни кўрасиз. Президентимиз 40 кг.гача юкни чегарадан бемалол олиб ўтиб кетиш имкониятини яратиб берган. Аммо бу кўрсаткич энди 20 кг.га тушади. Бунинг сабаби бор...
Чегарадаги олғирлар
Халққа қанча қулайлик яратай десанг айрим тадбиркорлар буни шунча суиистеъмол қилади. Айрим ноинсоф тадбиркорлар, катта-катта юк машиналарида 10-15 тонналаб юкни чегара яқинига олиб бориб, 15-20 нафар “наёмник”ларни ишлатиб, бутун маҳсулотни четга чиқариб юборишяпти. Давлат раҳбари бундай каззоблар учун чегарани очмади. Оддий фуқаро учун мана шундай шароит қилиб берди. Шу сабаб, мана, қарор ишланяпти, чегарадан олиб ўтиладиган юклар оғирлиги 20 кг.гача пасайтирилади.
Бошқа масалалар
Андижонда тадбиркорликка интилаётган фуқароларимиз жуда кўп. Уларга ер бериш масаласи, шароит қилиш борасида озгина қўлим калта томонлари бор. Сабаби мен исталган жойни бериб кетавермайман. Бунга имкониятимиз йўқ. Пахта, ғалла майдонлари бор, боғлар бор, шу сабаб ҳар бир қарични ҳисоб-китоб билан қилмайдиган бўлсак, охири чиқмай қолади, яхшилик бўлмайди. Андижонда ишчи ўринлари яратишнинг ягона йўли, бир пайтлар қурилган ва ҳозирда кимлардир томонидан хусусийлаштириб, фойдаланилмай ётган биноларни олиб, у ерда тадбиркорлик субъектлари ташкил этиш ва бу орқали қўшимча ишчи ўринларни яратиш зарур.
Андижонга балиқчилик бўйича ҳам инновация кириб келди. Вилоят бўйича 2018 йил бошигача 3 600 тонна балиқ ишлаб чиқарар эдик. Тадбиркорларимиз Хитойдан, Вьетнамдан Африка лаққа балиғини бир гектар ердан 300 тоннадан 500 тоннагача олиш технологиясини ўрганиб келишди. Ваҳоланки, бизнинг Улуғнор туманидаги балиқчилик хўжалигининг 4000 гектар ери бор. Берадиган балиғи 1200 тоннани ташкил этади.
Вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ўз чиқишида вилоятни янада ривожлантириш, турли тўсиқларни бартараф этган ҳолда тадбиркорликни ривожлантириш, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, ижтимоий ҳимоя каби кўплаб мавзуларга тўхталиб ўтди.