Спорт | 21:40 / 26.05.2018
11646
5 дақиқада ўқилади

«Реал» - «Ливерпуль»: Мерсисайдликларнинг устунлиги нимада?

Фото: Ливерпуль матбуот хизмати

Бугун, 26 май, шанба куни Киевдаги «Олимпийский» стадионида Ливерпулнинг «Ливерпуль» клуби Мадриднинг «Реал» клубига қарши Европа Чемпионлар лигаси финалида майдонга тушади. Мерсисайдликлар бу ўйинда ғалабага ҳақлими?

Чемпионлар лигаси. Финал. Шанба. «Реал» - «Ливерпуль». 23:45 (Тошкент вақти)

«Қироллар»га кибр ярашади. Ҳатто улар қавс ичидаги қироллар бўлсада.

Финал арафасида испан матбуоти иккига ажралди. Мадриддаги нашрлар ҳалитдан байрамни нишонлашга киришиб кетишган. Таниқли ёзувчи ва журналист Диего Торрес El Pais нашрида шундай ёзади: «Мадридда ҳеч ким - раҳбарият ҳам, футболчилар ҳам қўрқув ва хавотир ҳис қилишмаяпти. Ҳамма хотиржам. Флорентино Перес даврида ҳали Бундай осон финал бўлмаган».

El Mundo журналисти Хулиан Руис эса келажакни кўрмоқда: «Ливерпуль» «Реал» афсонасини қоғоздек ғижимлаб ташлайди», дея ёзади у. Мадрид клуби телевидениесидаги бошловчи Фила Китромилидисдан ажойиб цитата: «Одамлар статистика ва тарих аҳамиятга эга эмас. Аҳамиятга эга! Балки, рақиблар учун эмасдир, аммо «Реал» учун аниқ. Бу соврин Европа қироли мақомини беради, жамоа эса буни яхши англайди».

«Ливерпуль» футболчилари ҳали Чемпионлар лигасида ғолиб чиқмаган. Лекин «Реал» қаршисида «Лас-Пальмас» ёки «Гранада» эмас, «Ливерпуль»дир. Бу жамоа Чемпионлар лигасининг жорий мавсумида ҳаммадан кўп гол урган - 40 гол («Реал»дан эса 10та кўп). Бу жамоа бу мавсумда Англияни тиз чўктирган, бир вақтлар «Реал»ни бир неча марта тиз чўктирган Хосеп Гвардиола бошқарувидаги жамоани қисқа вақт ичида 3 марта тиз чўктирди. Бу жамоада мавсумнинг энг яхши футболчиларидан бири тўп суради.

Ҳа, «энг яхшиси» дейиш ҳам мумкин эди. Рақамларга қарайлик: Салоҳ Премьер-лигада 32 гол урган, Криштиану Роналду Ла Лигада 26та.

Фото: AFP

«Ливерпуль» - финал аутсайдери. «Реал» кўп жабҳаларда ортда қолдириши ҳам мумкин, аммо улар ярим финалдан кейиноқ чемпионлик футболкаларини кийиб олиши ҳаддан ошишдир. Рамос жамоаси финалга чиққанидан кейин Киев сўзи ва 13 рақами бор футболка кийиб юрди, у бу орқали жамоасининг 13-марта Чемпионлар лигаси ғолиби бўлишига ишора қилганди.

Тарихда «Ливерпуль»ни менсимаганлар афсусланиб қолганига гувоҳ бўлганмиз. Буни Гаттузодан сўранг. «Милан» ҳимоячиси 2005 йил Истанбу финалида танаффус вақтида (биринчи бўлим миланликларнинг 3:0 ҳисобидаги устунлигида якунланганди) ЕЧЛ Кубоги олдидан ўта туриб унга қўлини теккизганди ва жамоасига кўз текканди. Ўйин «Ливерпуль»нинг ғалабаси билан якунланган.

2005 йилда «қизиллар» ғалабага оч эди. Англия чемпионатида ҳам, Чемпионлар лигасида ҳам узоқ вақтдан буён ғалабалар бўлмаётганди. «Милан» ўшанда энг кучли даврларини ўтказган, «Милан» 2003 йилги ЕЧЛда, бир йил ўтиб Италияда тенгсиз бўлганди. «Реал» билан ўхшаш ҳолат. Улар ҳам ўзига жуда кўп ишонишаётганди ўшанда.

Ҳозир «Реал» ғалабаларга «тўйиб қолган», «Ливерпуль» худди 2005 йилдаги каби ғалабаларга чанқоқ. Ўшандан буён жамоа фақат бир марта, 2006 йили Англия Лигаси Кубогини қўлга киритган. Юрген Клопп 2015 йил жамога келганида 3 йил ичида битта соврин олиб беришни ваъда қилганди ва ўша учинчи мавсум ҳозир ўтиб бормоқда. 

Мерсисайдликлар жамоасидаги илк мавсумдаёқ барчани ўзига қаратган Муҳаммад Салоҳ эса бугун ғалаба қозониши орқали Роналду ва Мессининг «Олтин тўп»даги гегемониясига барҳам бериши мумкинлигини ҳис қилиб турибди.

«Ливерпуль» номлар борасида «Реал»дан устун эмас, аммо Клопп учун грандларга қарши ўйнаш бирмунча осон - буни кейинги икки мавсумдаги натижалар кўрсатиб турибди. Ҳатто мадридликлар йирик ҳисобда тор-мор этилсада ҳайрон қолмаслик керак - жамоадаги иштиёқи шу даражада кучли.

Барча мураббийлар тилидан ҳамиша шундай сўзлар янграйди: «Биз икки жамоа учун ҳам ўта қийин кечадиган ўйин арафасидамиз, рақибни ҳурмат қиламиз, уларнинг таркибида бир қанча кучли футболчилар йиғилган, ким кучлилигини ўйиндан кейин билиб оламиз». Майли, шундай бўлақолсин.

Мавзуга оид