Ўзбекистон | 15:09 / 27.05.2018
4239
2 дақиқада ўқилади

Япониялик ишбилармонлар Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги ҳамкорлик йўналишларини ўрганишмоқда

Япониялик ишбилармонлар делегацияси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов томонидан қабул қилинди. Учрашувда Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти тақдимоти, инфратузилма билан танишув, шунингдек икки томонлама ҳамкорлик масалалари, Ўзбекистонга инвестиция жалб қилиш ва меҳмонхоналар қурилиши муҳокамаси бўлиб ўтди. Қўмита матбуот хизматида шу ҳақида маълум қилинди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Япониянинг APA Group компанияси раиси Тошио Мотоя раҳбарлигидаги 93 кишидан иборат делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Делегация вакиллари 26 майдан 29 майга қадар туризм соҳасидаги истиқболли ҳамкорлик йўналишларини ўрганиб, муҳокама қилади. Делегация таркибидан ишбилармонлар ва APA Hotels тармоғи вакиллари жой олган. Ташриф Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси томонидан ташкиллаштирилган.

Томонлар Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти Apa Group томонидан тарғиб қилиниши, шунингдек компаниянинг 80 мингдан ортиқ нусхада чоп этилувчи ҳамда  Apa Group меҳмонхоналар тармоғида тарқатилувчи журнали саҳифаларида Ўзбекистон ҳақида қатор мақолалар берилишига келишиб олишди.

Тошио Мотоя Азиз Абдуҳакимов билан учрашув чоғида японияликлар Ўзбекистонга илиқ муносабатда эканини алоҳида таъкидлади ва Ўзбекистон япониялик аскарлар қабристонига ҳурмат билан муносабатда бўлинувчи кам сонли мамлакатлардан бири эканини қайд этди.

Меҳмонлар Тошкент шаҳрининг сайёҳлик инфратузилмаси билан танишишди, хусусан International Hotel Tashkent ва "Ўзбекистон" меҳмонхоналарида бўлишди.

Шунингдек Япония делегациясининг Тошкент ва Самарқанд ҳокимликлари вакиллари билан учрашуви кутилмоқда.

Маълумот учун: APA Group компаниясига 1971 йилда асос солинган. Компания шаҳарсозлик, шу билан бирга меҳмонхоналар, ресторанлар ва бошқа объектлар бошқаруви билан шуғулланади. APA Group 449 меҳмонхонага эгалик қилади.

Мавзуга оид