Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Чет давлатларда ишга жойловчи хусусий кадрлар агентликлари ишга тушиши кутилмоқда
Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элларда ишга жойлашиш тизимини такомиллаштириш ва тубдан қайта ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор лойиҳаси тақдим этилди. Лойиҳада "Ўзбекистон Республикаси фуқароларини чет мамлакатларда иш билан таъминлаш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида"ги низоми илова қилинган.
Лойиҳага мувофиқ, Ўзбекистондаги юридик шахслар ҳам фуқароларимизни хорижда ишга жойлашга доир хизматларни кўрсатиш ва кўмак бериш билан шуғулланишлари мумкин. Фақат бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан берилувчи лицензияга эга бўлиш талаб этилади.
Кадрлар агентлигини очиш учун қуйидаги қоидаларга амал қилиш керак:
- камида бир нафар олий юридик маълумотга эга мутахассисга эга бўлиш;
- давлат тили, рус тили, инглиз тили ва/ёки бошқа хорижий тилларда эркин сўзлашувчи камида бир ходимга эга бўлиш;
- рўйхатга олиш вақтида Ўзбекистон Республикаси минимал иш ҳақининг камида 5000 баравари ҳажмида устав фондини шакллантириш;
- хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ва манфаатларини ҳимоялаш фондига 50 минг АҚШ доллари ҳажмида захира киритиш;
- иш ҳақи таъминоти нормалари ва яшаш учун муносиб шарт-шароитлар яратиш меъёрларига риоя қилиш, шунингдек ишчи мигрантларга ишга жойлашаётган мамлакатда расман белгиланган энг кам иш ҳақидан кам бўлмаган даражадаги иш билан таъминлаш.
Кадрлар агентлиги шунингдек меҳнат мигрантларининг дастлабки ўқув-тайёргарлик, адаптацион курслардан ўтишини ҳам ташкиллаштириш мажбуриятини олади.
Лицензия бериш, расмийлаштириш, қайта расмийлаштириш, тўхтатиш, бекор қилиш билан ишчи орган шуғулланади.
Лицензиялар учун минимал иш ҳақининг уч баравари миқдоридаги йиғим амалга оширилади.
Фуқароларнинг чет элда ишга жойлашишига доир лицензия 5 йиллик муддатга берилади.
Лицензия берувчи орган - Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, ишчи орган эса - Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳисобланади.
Мавзуга оид
18:34 / 26.04.2026
“Дача”ларнинг электрон базасини яратиш ва ижара нархларини назорат қилиш режалаштирилмоқда
09:35 / 01.04.2026
Мобил тарифларга янги талаблар жорий этилиши мумкин
08:11 / 18.03.2026
Битирувчилар учун 3 йил ишлаб бериш талаби бекор қилиниши мумкин
11:59 / 17.12.2025