Жаҳон | 08:40 / 29.05.2018
6276
2 дақиқада ўқилади

Британияда поезд машинисти адашиб йўловчиларни бошқа шаҳарга олиб борди

Фото: PA

Буюк Британияда CrossCountry Train поезди машинисти йўналишни янглиштириб, йўловчиларни бошқа шаҳарга олиб борди. Бу ҳақда The Mirror маълум қилди. 

Поезд мамлакат шимолидаги Ньюкаслдан жанубидаги Реддингга бориши керак бўлган. Бироқ натижада у Понтефрактга келиб қолган.

“Биз ҳозир Понтефракт яқинида турибмиз. Машинист нотўғри йўлни танлагани сабабли шу ерга келиб қолдик. Бундай ҳолат умуман бўлиши мумкинлигини ким ҳам хаёлига келтирибди?”, деб ёзган йўловчилардан бири твиттерда ва ундан ташқари поездда юзга яқин йўловчи борлигини қўшимча қилган. 

The Mirror’нинг ёзишича, поезд Донкастердаги вазият сабабли дастлабки йўлидан бошқа йўлга ўтказилган, бироқ у шундан кейин номаълум сабабга кўра жанубга кетиш ўрнига ғарбга қараб кетган.

Поезд Понтефракт яқинида маълум вақт тургач, машинист уни шимолга қайтарган ва тўғри йўналишга қайтган, бунга бир соатча вақт кетган. Йўловчилар Шеффилд шаҳрида тушириб қолдирилганлар. Улар у ердан Бирмингемгача етиб олиб, сўнгра Рединггача борувчи поездга ўтира олишган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид