Ўзбекистон | 19:36 / 30.05.2018
168489
2 дақиқада ўқилади

Россия Ўзбекистонда АЭСни қайси вилоятда қуриши маълум бўлди

Фото: KUN.UZ

Россиянинг “Росатом” корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув давомида Ўзбекистонда атом электростанциясини қуриш масаласи муҳокама марказига айлангани ҳақида маълум қилди. Kun.uz мухбири шу ҳақида хабар бермоқда.

Лихачёвнинг сўзларига кўра, АЭС 2та блокдан иборат бўлади. Шунингдек, ҳукуматлараро келишув, шартнома, бу объектни фойдаланишга топшириш муддатлари, кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам кўриб чиқилган. 

“Ўзбекистон ҳозирда тадқиқот реактори ишини қайта янгиламоқда. Бироқ, замонавий ядровий технологиялар ва катта қувватдаги станциядан фойдаланиш кўплаб мутахассислар ҳамда қатор соҳаларнинг ривожини талаб этади. Бунда, эҳтимол, 10 мингга яқин малакали ходимлар керак бўлади. Станциядан фойдаланишнинг ўзига 1500-1600 ишчи зарур. Улар керакли тайёргарликдан ўтиши лозим. Президент бизга мутахассисларни имкон қадар Россияда тайёрлаш вазифасини қўйди. Шунингдек, бу ерда барча керакли шароитлар яратилиши лозимлиги тилга олинди. Бугун Ўзбекистонда МИФИ (Россия миллий ядро тадқиқот институти - таҳ.) филиалини очиш, “Росатом” академиясида мутахассисларни тайёрлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Россияга Навоий вилоятида АЭС қуришни таклиф қилди. Ўзбекистон президенти ва бош вазири бизга Навоий вилоятидаги майдонча ҳақида маълум қилишди. Яқин кунлар ичида у ерга йўл олиб, маълумот йиғишни бошлаймиз. Лойиҳага ёндашувлар муҳокама қилинди”, - деди Лихачёв.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда АЭС қурилиши лойиҳасини амалга ошириш учун тегишли давлат органи ташкил этилиши лозим, у республикадаги атом соҳасини тартибга солади. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев «Росатом» бош директорини қабул қилгани хабар берилганди.

Мавзуга оид