Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистоннинг "Росатом" билан ҳамкорлиги аҳоли турмуш сифатини яхшилаш учун хизмат қилишга қаратилади
"Росатом" корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан АЭС қурилишидан ташқари, илм-фан соҳасида ҳамкорлик қилиш, муқобил энергетика манбалари ва ядровий инфратузилмани йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди. KUN.UZ мухбири Алексей Лихачёвнинг сўзларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.
"Биз атом технологияларидан ноядровий фойдаланиш масалаларини ҳам муҳокама қилдик. Бунда изотоп технологияларни тиббиётда қўллаш, қишлоқ хўжалигида технологияларимиздан фойдаланиш, илм-фан соҳасида ҳамкорлик масалалари назарда тутилади. Буларнинг барида бизнинг замонавий технологияларимиз катта ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Тармоқлараро ҳамкорликни бошқа соҳаларни ривожлантириш учун жиддий туртки сифатида кўряпмиз. Бунда Ўзбекистондаги корхоналар билан кенг ҳамкорлик қилишга умид қиламиз", - дейди Лихачёв.
Бундан ташқари, "Росатом" бош директори Шавкат Мирзиёев билан муқобил энергия манбалари ҳақида суҳбатлашгани ҳақида маълум қилди. "Углеводородларга фақат ёқилғи сифатида муносабатда бўлиш тўғри ёндашув деб бўлмайди, албатта. Бунда ҳам атом энергетикаси, ҳам замонавий - шамол генерацияси ва қуёш генерацияси долзарб аҳамиятга эга, "Росатом"нинг бундай ваколатлари ҳам бор. Биз бу йил Адигеяда биринчи кучли шамол паркини ишга туширяпмиз ҳамда бу йўналишда ҳам Ўзбекистон ҳукумати ва корхоналари билан ҳамкорлик истиқболлари мавжуд", - қўшимча қилди Лихачёв.
Унинг сўзларига кўра, томонлар нафақат эртанги кун, балки индинги кун ҳақида ҳам суҳбатлашишган. "Ўзбекистон президентининг мамлакатда илм-фан тарғиботи бўйича фикр-мулоҳазаларини тинглаш менда жуда катта қизиқиш уйғотди. Тўғрисини айтсам, Шавкат Миромонович билан суҳбат давомида унинг мамлакатдаги илм-фанни ташкил қилишга доир билдирилган фикрларнинг нақадар батафсил ва кенг қамровли эканидан ёқимли ҳайратга тушдим. Илмий ёндашувларни қайта кўриб чиқиш, ёш олимлар корпусининг яратилиши, илм-фанга ҳурматни ошириш, олий таълимнинг талабгорлиги суҳбатимизнинг жиддий элементларидан бири бўлди", - дея таъкидлайди "Росатом" раҳбари.
Томонлар яна бир масалада ҳамфикр бўлишгани маълум қилинди. Бу лойиҳанинг иқтисодий натижаси билан боғлиқ. 2,5 Гвт электр генерацияси, Ўзбекистондаги корхоналарга буюртмалар бериш, бу соҳада хизмат қилиш учун юзлаб, кейинчалик минглаб ёш мутахассисларни тайёрлаш - буларни ҳисоб-китоб қилиб, истиқболда жамоатчиликка тақдим этиш мумкин бўлади.
"Мазкур лойиҳанинг пулда ҳисоблаш қийин бўлган, лекин жуда муҳим яна бир томони бор. Бу - одамларнинг турмуш сифатини яхшилаш, - дея таъкидлайди Лихачёв. - Бу компонентларнинг барчаси охир-оқибат одамлар ҳаётини яхшилашга, уларнинг узоқ умр кўришлари, камроқ касал бўлишлари, касалликларни эртароқ аниқлаш, хонадонларда электр энергияси бўлиши, у учун камроқ пул тўлашларига қаратилган. Ўзбекистон Республикаси раҳбариятининг бу лойиҳадан мақсади унинг охир-оқибат инсонлар ҳаётини яхшилаш учун хизмат қилишидадир. Бу масалада биз Ўзбекистон билан ҳамфикрмиз, биз ҳам Россияда атом энергетикаси ривожига худди шундай муносабатдамиз, яъни бу соҳа ривожига нафақат юқори технологик лойиҳа сифатида, балки одамлар ҳаётини яхшилаш элементи сифатида ҳам қаралади".
"Росатом" раҳбари лойиҳани ташкиллаштиришга ёндашувга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Демак, бу буюртмачи ва пудратчининг аниқ роли кўрсатилган шартнома эмас, қурилиш ишлари биргаликда олиб бориладиган ёндашувдир. Таъкидлаш жоизки, бундай ёндашув фақат Россиянинг ўзида ва Беларусда қўлланади.
"Биз ҳукумат, буюртмачи билан биргаликда лойиҳа мезонларини аниқлаймиз, унинг қийматини белгилаймиз, уни амалга ошириш учун бирдек масъул бўламиз - бу лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш муддатини бир неча бараварга қисқартиради, нарх ошишининг олдини олади (чунки буюртмачи нарх қандай ҳосил қилинаётганини кўради) ва энг асосийси, айнан шу йўлдан бориб, бир вақтнинг ўзида Ўзбекистонда замонавий ядровий инфратузилмани йўлга қўйиш масаласини кечиктирмай ҳал қилиш имконини беради. Нима учун? Чунки бу борада олиб борилаётган ишларни назорат қиладиган идора керак бўлади, албатта. Буни шартли равишда "атомназорат" десак бўлади ва у энг замонавий хавфсизлик технологияларини кафолатлаши керак бўлади", - қўшимча қилади у.
Мавзуга оид
10:15 / 17.06.2026
Ўзбекистонда 10 ёшдан катта аҳолининг қарийб барчаси мобил телефон ишлатади
23:44 / 13.06.2026
Туркияда қўлга олинган халқаро қидирувдаги икки шахс Ўзбекистонга қайтарилди
12:12 / 09.06.2026
Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари қисқарди
11:00 / 08.06.2026