Жамият | 12:40 / 31.05.2018
25789
2 дақиқада ўқилади

Бўстонлиқ Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи қамоққа олинди

Тошкент вилояти прокуратураси органлари томонидан ер муносабатларига оид қонунчилик ижросининг аҳволи мунтазам равишда ўрганиб келинмоқда, деб хабар беради прокуратура ахборот хизмати.

Қайд этилишича, ўтказилган текшириш ва мониторинглар, жойларда ерларни ноқонуний тарқатиб юборилиши ва ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ҳолатларига йўл қўйилаётганлигини кўрсатмоқда.

Биргина Бўстонлиқ туманида, 2018 йилнинг ўтган даврида 93 та ҳолатда 450 гектар ер майдонлари ноқонуний равишда тарқатиб юборилганлиги аниқланган.

Ёки, Тошкент туманида 255 гектар, Зангиотада 76 ва Қибрай туманида 31 гектар ер майдонлари қонунга зид равишда тарқатилган.

Шу каби ҳолатлар бўйича вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиноят ишининг тергови доирасида Бўстонлиқ тумани Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Ш.М. эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинди.

Фото: Тошкент вилояти прокуратураси ахборот хизмати

Вилоят бўйича 550 та ҳолатда жами 3133 гектар, шундан 2518 гектар қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиладиган ер майдонлари ноқонуний равишда тарқатиб юборилган бўлса, 58 та ҳолатда 41,5 гектар ер майдони фуқаролар ва юридик шахслар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган.

Қонунга зид равишда эгаллаб олиниб, маиший ва бошқа бинолар қуриб олинган ер майдонларини бугунги кунда вилоят прокуратураси томонидан давлат захирасига қайтариш чоралари кўрилмоқда, дейилади хабарда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид