19:39 / 31.05.2018
42574

«Мен клубда қололмайман» - Зидан «Реал»ни тарк этиш сабабларини айтди

Фото: AP

«Реал» бош мураббийи Зинедин Зидан клубни тарк этиш сабабларини айтди.

«Биз бутунлай хайрлашмаймиз, бу ҳақда президент ҳам айтиб ўтди. Мен бутун умрим давомида «Реал» билан ёнма-ён бўламан.

Кўпчилик бу қарорда маъно кўрмаслиги мумкин, аммо у мен учун маънога эга. Ўзгаришлар даври келди. Бу қарорни ҳамма учун тўғри деб ўйлайман.

Мени қўллаб-қувватлаган «Реал» мухлисларига миннатдорчилик билдираман. Мавсум давомида энг яхши ўйинимизни намойиш этолмай, мураккаб вазиятларга тушиб қолган эдик. Фанатлар эса босим уюштиришди ва бу бизни янада кучлироқ қилди.

Энди футболчиларга ўзгаришлар керак. Уларга ҳам миннатдорчилик билдираман, чунки айнан футболчилар майдонда кураш олиб боришди.

Бу клубда талаблар жуда юқори. Биз ҳар доим катта ютуқларни кўзлаймиз, аммо мен ўйинчилардан бундан ортиғини талаб қилолмадим. Энди улар кийиниш хонасида янги овозни эшитишлари лозим бўлган вақт келди.

Мен клубда қололмайман, ҳаммаси сиз ўйлаганчалик осон эмас. Агар қолсам, жамоанинг ғалаба қозониши қийин бўларди.

Футболчилар қароримдан хабардор. Уларнинг ҳар бири билан алоҳида гаплашмадим, аммо ҳаммасига хабар юбордим.

Серхио Рамос ва бошқа етакчилар билан гаплашдим. Биргаликда кўп нарсаларни бошдан кечирганмиз ва у қароримни ҳурмат қилишини айтди. У менга омад тилади. У етакчи, сардор, уч йил давомида у билан завқланиб ишладим.

Айни пайтда, қайсидир бир клубда иш бошламоқчи эмасман ва ҳеч қандай вариант изламаяпман», – деди Зидан.

Эслатиб ўтамиз, «Реал» Зидан билан Испания чемпионати, Суперкубоги, уч марта Чемпионлар Лигаси, 2 марта УЕФА Суперкубоги ва 2 марта клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғалаба қозонган.

Top