Ўзбекистон | 12:26 / 01.06.2018
11476
2 дақиқада ўқилади

«Ўзавтосаноат» Россияда автомобиллар йиғиш учун жойни йил охиригача аниқлайди

Фото: uzavtosanoat.uz

«Ўзавтосаноат» 2018 йил охиригача Россия ҳудудида автомобилларни ишлаб чиқариш майдончасини аниқлашни режалаштирмоқда, дея таъкидлади компания бошқаруви раиси Умиджон Салимов.

«Ушбу йўналишда Россия Федерацияси Саноат вазирлиги билан музокаралар олиб борилмоқда. Биз учун бу жуда қизиқ мавзу, сабаби ҳозир Қозоғистон ҳудудида катта ишлаб чиқаришга эгамиз», - деди Салимов.

Унинг сўзларига кўра, бу йил Москвада россиялик ҳамкорлар билан яна бир учрашув кутилмоқда, унда томонлар музокараларни давом эттирадилар.

«Ҳозир биз Россия Федерацияси ҳудудида бир нечта майдончани кўриб чиқмоқдамиз. Асосий масала шундаки, биз General Motors томонидан моделларни мувофиқлаштириб ва якуний рухсатномаларни олиш керак. Ушбу йўналишда музокараларни давом эттирмоқдамиз», - дея аниқлик киритди Салимов.

Унинг сўзларига кўра, Санкт-Петербург, Карачаево-Черкесия, Тольятти ва Нижний Новгородда автомобилларни йиғиш вариантлари кўриб чиқилмоқда.

«Тольяттидаги АвтоВАЗ заводида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш таклифи мавжуд. Биз учун энг яхши вариант - Санкт-Петербург, чунки у GM майдончасидир, у ерда ишлаб чиқаришни ташкил қилиш осонроқ бўлади. Биз энг яхши жойни йил охиригача аниқлашни режалаштирмоқдамиз», - дея таъкидлаб ўтди Ўзбекистон автосаноати раҳбари.
 
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Қирғизистонда автомобиллар йиғишга, Қозоғистонда ишлаб чиқаришни кенгайтиришига тайёрланаётгани хабар қилинганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид