Ўзбекистон | 10:15 / 05.06.2018
5591
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Хавфсиз туризм: ИИВ ва Давлат туризм қўмитаси нималарга жавоб беради? 

Президентнинг 1.06.2018 йилдаги ПФ–5454-сон фармонида Ички ишлар вазирлиги билан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ўртасидаги масъулият чекланди. 

Norma’нинг ёзишича, туристлар хавфсизлигини таъминлаш ИИВ фаолиятининг алоҳида 11-йўналиши этиб белгиланди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тўғрисидаги низомга (12.04.2017 йилдаги ПҚ–2883-сон қарорга 1-илова) тегишли ўзгартиришлар киритилди. Энди идора:
 
• туристик намойиш объектлари ва инфратузилмалари ҳудудларида жамоат тартибини сақлайди, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашни таъминлайди;
• туристларни потенциал таҳдидлар тўғрисида ўз вақтида хабардор қилади, шунингдек ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда уларга тез ёрдам кўрсатиш бўйича вазифаларни бажаришни таъминлайди;
• автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспорти инфратузилмаларида жамоат хавфсизлигини таъминлайди;
• туризм йўналишларидан жиноий мақсадлар учун фойдаланадиган жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунга хилоф фаолиятини аниқлайди ва бартараф этади;
• туристлар вақтини хавфсиз ўтказишлари учун шарт-шароит яратади, шу жумладан умумий овқатланиш ва дам олиш жойларида, шунингдек оммавий-маданий ва кўнгилочар тадбирлар ўтказишда жамоат тартибини сақлаш бўйича чораларни амалга оширади.
 
Ўз навбатида, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қуйидагилар билан шуғулланади:

• туризм йўналишлари бўйлаб ҳамда туристик намойиш объектлари ва инфратузилмалари яқинида яшовчи аҳолининг туризм маданиятини (меҳмондорчилик идеологиясини) ошириш;
• меҳмонхоналар ва бошқа туризм фаолияти субъектларининг ходимлари учун туристларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича ўқув курсларини ташкил этиш.
 
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 23.11.2017 йилдаги 939-сон қарори билан Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш концепцияси тасдиқланган ҳамда «Хавфсиз шаҳар» ягона аппарат-дастурий комплекс жорий этилиши назарда тутилган.
 
Ҳужжат 1.06.2018 йилдан кучга кирди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда туристлар ташриф буюриши тақиқланган ҳудудлар очилганди

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид