Жаҳон | 10:04 / 06.06.2018
13579
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда собиқ энергетика вазири ҳам қўлга олинди

Фото: СДПК

Қирғизистон энергетика ва саноат собиқ вазири, Социал-демократик партиядан парламент депутати Осмонбек Ортиқбоев пойтахт ИЭСнинг Хитойга қарашли ТВЕА компанияси томонидан ўтказилган модернизацияси чоғида коррупция ҳолатига аралашиб қолганида гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берган.

Жорий йилнинг январь ойида Бишкек ИЭСда рўй берган авариядан сўнг, Қирғизистонда стратегик объект модернизацияси бўйича йирик можаро юз берди. Хитойнинг TBEA компанияси томонидан Хитой ҳукумати кредити маблағлари ҳисобидан амалга оширилган модернизация қиймати 386 млн долларни ташкил этди. Иссиқлик марказларининг модернизация қилинган қозонхоналари ўтган йилнинг сентябрь ойида тантанали тарзда фойдаланишга топширилди. 2013 йилнинг май ойидан 2014 йилнинг октябрь ойигача Ортиқбоев республика энергетика ва саноат вазири лавозимини эгаллаган. Ортиқбоевга нисбатан республика бош прокурори томонидан жиноий иш куни кеча қўзғатилди.

"Тергов қилинаётган жиноий иш доирасида депутат Ортиқбоев ЖКнинг 303-моддаси 1-қисмида назарда тутилган (“Коррупция”) жиноятни содир этганлик учун гумонланиб қўлга олинди ва МХДҚ тергов изоляторига олиб кетилди", - дея хабар беради матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон собиқ бош вазири Сапар Исоқов коррупция бўйича жиноий ишни суриштирувдан ўтказиш доирасида қўлга олинганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид