Жаҳон | 23:29 / 11.06.2018
19843
2 дақиқада ўқилади

Хорватия президенти мамлакат аҳолиси камайиб кетаётганидан ташвиш билдирди

Фото: РИА Новости / Максим Блинов

Хорватия президенти Колинда Грабар-Китарович мамлакат фуқароларига демография соҳасидаги “фалокатли” кўрсаткичлар ҳақида маълум қилди ва аҳоли қисқаришига қарши бир қатор чоралар кўришни таклиф қилди. 

Грабар-Китаровичнинг маълум қилишича, 2011 йилда Хорватия аҳолиси 4 млн 284 минг 889 кишини ташкил қилган, ҳозир эса бу кўрсаткич 4 млн кишидан пастроққа тушиб кетган.  

“Агар биз фалокатли демографик тенденцияларни тўхтатмасак, унда 2051 йилгача 1,1 млн кишидан кўпроқ аҳолини йўқотамиз. Ёшларнинг сони ва улуши ҳам тез суръатларда қисқариб бормоқда, кекса ёшлилар сони эса аксинча кўпаймоқда. Агар шундай давом этса, бизда 2051 йилга келиб 3,15 млн кишигина бўлади, меҳнатга лаёқатлилар сони эса ҳозирги 2,9 млн кишидан 1,8 млнгина қолади”, деб айтган Хорватия раҳбари. 

Унинг айтишича, мамлакатдан бутун оилалар, кўплаб ёшлар кўчиб кетмоқда. Шу сабабли президент оилаларни ва янги туғилганларни молиявий қўллаб-қувватлашни ўз ичига олган чора-тадбирлар пакетини таклиф қилган. 

Хорватия 2013 йилдан Европа иттифоқи аъзоси ҳисобланади. Eurostat маълумотларига кўра, мамлакат Европа иттифоқида меҳнатга лаёқатли аҳолиси хорижга чиқиб кетиши бўйича ҳозир Руминия ва Литвадан кейин 3-ўринда турибди. Таъкидланишича, Хорватиядан бундай тоифадаги 14 фоиз аҳоли чиқиб кетган, Литва ва Руминияда бу кўрсаткич 15 фоизни ташкил қилади. 

Мавзуга оид