Ўзбекистон | 19:13 / 12.06.2018
14954
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда олтин ва кумуш ёмбилар ишлаб чиқарувчи юқори технологик комплекс ишга тушади

Фото: Reuters /Oegussa

Жорий йилнинг 7 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев "Ўзбекистон Республикасида қимматбаҳо металлардан ўлчовли ёмбиларни ишлаб чиқариш ва қимматбаҳо металлар бозори фаолиятини тартибга солишни ташкиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Қарорга мувофиқ "Навоий ТМК" ДК базасида қимматбаҳо металлар (олтин ва кумуш)дан 5 граммдан 1000 граммгача бўлган ўлчовли ёмбилар ишлаб чиқариш бўйича замонавий юқори технологик комплекс қурилиши" сармоявий лойиҳасини амалга ошириш тасдиқланди. 

Қарорда лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси тақдим этилган, қурилиш давомида иштирокчиларнинг асосий роллари тақсимланган. Таъкидлаш жоизки, "Навоий ТМК" ДК ўзи томонидан ишлаб чиқарилган заргарлик буюмлари қолдиқларини ички бозорда миллий валютада мақсадли равишда тарқатиши мумкин. 

Мазкур қарор ижроси Ўзбекистоннинг туристик йўналиш сифатидаги жозибасини оширишга ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Шоппинг-туризм - туризмнинг кенг тарқалган турларидан бири. У Ҳиндистон ва Хитой сайёҳлари орасида машҳур, бу мамлакатлардан Ўзбекистонга ташриф буюрувчилар эса кўпчиликни ташкил этади. Бу икки мамлакат сайёҳлари ўз саёҳатлари давомида тилла буюмлар харид қилишни яхши кўришади - бу уларнинг ўзига хос анъанаси. Олтин ёмбилар хариди ҳам шулар жумласидандир, у Ўзбекистоннинг қимматбаҳо металлар бозорини ривожлантириш ва сайёҳлар учун мамлакат жозибасини янада оширишга ёрдам беради. 

Ўзбекистонга қимматбаҳо металлар олиб кириш ва олиб чиқиш жараёнларини соддалаштириш учун тегишли чоралар кўрилади, қимматбаҳо металлар оғирлиги бўйича чекловлар ва шарт-шароитлар белгиланади.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид