Ўзбекистон | 11:27 / 14.06.2018
12504
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда синтетик ва сунъий қўшимчали озиқ-овқат маҳсулотларини тақиқлаш таклиф этилди

Фото: Depositphotos

«Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталида синтетик ва сунъий қўшимчали озиқ-овқат маҳсулотларини тақиқлаш ҳақида петиция пайдо бўлди.

«Ҳозирда синтетик ва сунъий қўшимчали ичимлик ва егуликлар жуда кўп ишлаб чиқарилмоқда. Тиббиёт ходимлари бундай маҳсулотларнинг инсон саломатлигига салбий таъсири ҳақида кўп айтишмоқда ва ёзишмоқда. Шундай бўлсада, бундай озиқ-овқат маҳсулотлари ҳали ҳам кенг реклама қилинмоқда. Чунки, улар табиий маҳсулотларга нисбатан анча арзон. Аммо, уларнинг зарарлари кўп, жумладан, улар чанқоқни қондирмай, янада кучайтиради, синтетик ранг, таъм, ҳид берувчи воситалар организмни сунъий алдаб, ўзига қарамликни келтириб чиқаради», - дейилади матнда.

Қайд этилишича, бундай ичимликлар ўзида кўплаб туз ва синтетик қўшимчалар сақлагани учун уларни ичиш натижасида инсонда жигар касалликлари ва буйрак-тош касалликлари, юрак-қон томир касалликлари ва онкологик касалликлар пайдо бўлади. Таъм, ранг, ҳид берувчи синтетик воситалар орқали тайёрланган колбаса, консерва ва ширинликлар ҳам организмга шундай зарарли таъсир кўрсатади.

«Синтетик ва сунъий қўшимчали озиқ-овқат маҳсулотлари таъқиқланса ёки рекламаси чекланса, маҳсулот қадоғида унинг салбий таъсири бўлиши мумкинлиги мажбурий ёзиб қўйилса, халқимиз, аввало фарзандларимиз соғлиғи, миллионлаб аҳолимиз саломатлиги таъминланган бўларди», - дейилган мурожаатда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ темир йўл вокзалларига кириб-чиқишни эркинлаштириш таклиф қилинганди.

Мавзуга оид