Ўзбекистон | 10:36 / 15.06.2018
16011
2 дақиқада ўқилади

Жазони ижро этиш муассасалари ички тартиб қоидаларига қўшимчалар киритилади

Фото: rualimenty.ru

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида Ички ишлар вазирлигининг «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги буйруғи эълон қилинди.

Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларига қуйидаги қўшимчалар киритилиши режалаштирилган: 

267-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилади:

«Адвокатлар ўзларининг ҳимоя остидаги шахслар билан аудио ва видео кузатув қурилмалари бўлмаган махсус хоналарда ҳамда бегона шахсларнинг иштирокисиз ўз вақтида ва ҳеч қандай тўсиқларсиз учрашиши таъминлади, бунда адвокат ва ҳимоя остидаги шахснинг суҳбатини учинчи шахслар эшитишини истисно этган ҳолда уларни визуал кўриб туриш имконияти сақлаб қолинади.».

268-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилади:

«Адвокатнинг маҳкум билан учрашиш жараёнида электрон воситалардан (мобил телефон, фотоаппарат ва диктофон) фойдаланиш имконияти яратилади. Бунда адвокат томонидан электрон воситалардан маълумотларни қайд этиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш тақиқланади.».

Қуйидаги мазмундаги 268-1-банд билан тўлдирилади:

«268-1. Адвокат томонидан электрон воситалардан маълумотларни қайд этиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланилган тақдирда учрашув муддатидан илгари тўхтатилиб, ЖИЭМ бошлиғи томонидан ушбу ҳолат юзасидан текширув тайинланади. Текширув натижалари хулоса нусхаси билан бирга ЖИЭББга, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармасига ва гувоҳнома берган ҳудудий адлия органига зудлик билан юборилади.». 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид