Жамият | 20:47 / 19.06.2018
21744
7 дақиқада ўқилади

Фарғонада халқ дардини кимдур эшитадими? Деҳқоннинг ери тортиб олинмоқда 

Таҳририятимизга жойлардан доимий равишда мурожаатлар келиб тушади. Уларнинг аксарияти ҳақли мурожаат. Шундай мурожаатлардан бири Фарғона вилояти Учкўприк туманида истиқомат қилувчи, деҳқончилик билан шуғулланувчи фуқаролардан жўнатилган. Мурожаатда “Фарғонада халқ дардини кимдур эшитадими? Ҳоким охирини ўйламай қарор чиқаради. Прокурор билганини қилади. Суриштирмай протест киритади. Деҳқон пулига куйиб қолади. Бизнинг арзимизни тингловчи борми ўзи?” дейилган. Мурожаатни батафсил ўрганиш учун Фарғона вилоятига бордик.

Мурожаатни муаммога учраган деҳқонларнинг жамоатчи ҳимоячиси Йўлчибой Исмоилов билан суҳбатлашишдан бошладик. 2017 йил 26 июль куни Учкўприк туман ҳокими М.Деҳқоновнинг 1008 сонли  қарори билан фуқаро Д.Юсуповга Машад м.ф.й. Машад қишлоғи 561қ-контурда жойлашган ернинг 0,35 гектар қисми деҳқон хўжалиги ташкил қилиш учун ажратилган.


Аслида бу ер бир вақтлар 1 гектарга яқин майдонни эгаллаган. “Қишлоққурилишинвест” инжиниринг компанияси Фарғона филиали учун 59 сонли қарор билан намунали уй-жой қуриш учун ажратилган. 2011 йилда компания бу ҳудудда 11 та уй-жой қуришни режалаштирган. Бор йўғи 3 та уй-жой қургач фаолиятини тўхтатган. Шундан сўнг ер ташландиқ ҳолда 2017 йилгача ётган.

Бироқ Д.Юсуповга берилган ер масаласида туман прокурори Ф.Н.Алиев 1008 сонли ҳоким қарорини бекор қилиш бўйича протест билдиради. Д.Юсуповнинг номида 0,10 гектар ер майдонидан иборат яшаб турган ҳовли-жойи мавжудлиги ва деҳқон хўжалиги юритиш учун ажратилган ер майдони қонун талабларига риоя қилинмаганлиги асос сифатида кўрсатилади. 

Шундай қилиб ҳоким 2017 йил 17 ноябр куни 1511 сонли қарори билан протестни қаноатлантирган. Қарорнинг 3 қисмида ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими бошлиғи А.Нишоновга ерни туман ер захирасига олиш ҳақида кўрсатма беради. Оқибатда Д.Юсупов ердан ажрайди.

Орадан вақт ўтиб фуқаролар Д.Юсупов, Х.Мехмонов, Б.Усувалиев ва Э.Пўлатовлар деҳқон хўжалиги ташкил этиш мақсадида шу контурдаги майдонни сўраб ҳокимиятга мурожаат қилишади. 2018 йил 28 март куни 538 сонли қарор билан уларга 0,20 гектардан (жами 0,80 гектар) ер майдони ажратиб берилади. Ер майдони давлат рўйхатидан ўтказилади ва гувоҳнома берилади. 

Қозоғистонда ишлаш жонига теккан юқорида номи келтирилган фуқаролар ўз юртида деҳқончилик фаолияти юритишни режалаштиради. Ерни парваришлаб экин экишни бошлайди. Қаровсиз ва ахлатга тўлиб ётган ер обод экинзорга айлантирилади. 
Лекин туман прокурори чиқарилган 538 сонли қарорга яна протест билдиради. Бу сафар асос қилиб қуйидагиларни келтиради:

1)  Деҳқон хўжалиги тўғрисидаги қонуннинг 5 моддаси талаблари бузилган Ажратилган ер туман захирасида эмас;
2)  У ерда зовурлар ва ичимлик суви минораси бўлганлиги сабабли муҳофаза ҳудуддан қолган жами ер майдони 0,71 гектар (0,80гектар эмас). Мавжуд объектларни муҳофаза ҳудуди ҳисобга олинмаган. Нотўғри тақсимланган;
3)   Ҳудудда қурилиш ишлари амалга оширилмоқда;
4)  Деҳқон хўжалиги ташкил этиш ҳамда бошқа ер ажратилиши билан боғлиқ баъзи ҳаракатлар фуқаро З.Эсонов томонидан амалга оширилган (ер эгалари билан яқин қариндошлик алоқаси бўлмаса ҳам);
5)  Фуқаро Х.Меҳмонов 28.03.2018 йилда Қозоғистон Республикасида ишлаётган вақтда унга ер ажратилган;
6)  Б.Усувалиев деҳқон хўжалигига ер ажратиб берилишида ҳужжатларни расмийлаштириш ҳаракатларини амалга ошириши учун З.Эсоновга 1 миллион сўм берган. Бу ўз навбатида деҳқон хўжалиги учун ажратилган ер ҳақиқий эгасига берилмаётгани ва ер ажратилишида таниш-билишчиликка йўл қўйилаётганлигидан далолат беради.

Шундан сўнг ҳоким М.Деҳқонов яна протестни қаноатлантирмоқда. Ерни ПҚ-2639 сонли 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури ижросини таъминлаш учун олиб қўймоқда.

Бу воқеалардан сўнг бизда саволлар пайдо бўлди. Нега хоким биринчи марта протестни қаноатлантирганидан сўнг ерни туман захирасига олмаган? Ер берилаётган вақтда нега ҳужжатлар тўлиқ ўрганилмаган? Нима учун прокурор протестидан сўнг ер яна намунали уй-жой қуриш учун йўналтирилмоқда? Ҳужжатларни қайта расмийлаштириб деҳқонларнинг номига ўтказилса бўлар эдику.

Прокурор протестининг ҳам баъзи қисмларига эътирозларимиз мавжуд. Шунча йил қаровсиз ётган ерда нега дабдурустдан қурилиш олиб борилмоқда деб хулоса берилди. Нега жойига бориб текширилмади? Ёки бу ер бирор бир “каттакон”га керакми? Наҳот прокурор фуқаролар ҳужжатларни расмийлаштиришда ишончнома асосида бошқа шахснинг ёрдамидан фойдаланиши мумкинлигини билмаса? Б.Усувалиев деҳқон хўжалигига ер ажратиб берилишида ҳужжатларни расмийлаштириш ҳаракатларини амалга ошириши учун З.Эсоновга 1 миллион сўм берган деган важи суриштирувда тасдиғини топмади. Нега оддий деҳқон фаолиятига тўсқинлик шу даражада қаттиқ олиб борилмоқда?

Шу саволларга жавоб олиш мақсадида мазкур давлат ташкилотларига ташриф буюрдик. Мажлисни баҳона қилиб туман ҳокими М.Деҳқонов тушунтириш бермасдан қочиб кетди. (Яхшиям ҳокимларнинг мажлис баҳонаси тайёр. Хоҳ чойхонада бўлсин, хоҳ бошқа жойда.) “Ер ажратиш комиссиясига боринг”, деб кетди. “Қўлни сиз қўйгансиз-ку, жаноб хоким” дейдиган одамнинг ўзи йўқ. Комиссия раҳбарини топа олмадик. Ташкилот юристини ҳам топишнинг имкони бўлмади.

Протест масаласидаги эътирозларимизга тушунтириш олиш учун туман прокуратурасига бордик. Ташкилот ёпиқ. Прокурор бошқа ишга ўтиб кетган. Вақтинча вазифасини бажарувчи шахс “Мени йўқ деб айтворинглар”, дедими у ҳам йўқ. Ёки унинг ҳам мажлиси бор бўлса керак. Ҳатто ичкарига киргизишмади ҳам. Остонадан қайтаришди. Ҳамма меҳмондўст дейдиган Фарғонанинг обрўси улар томонидан туширилишда давом этмоқда. Хуллас у ердан ҳам бирор тушунтириш ололмадик.

Жорий йилнинг 12 июнь куни Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани ҳокимлигида президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши вақтида вилоят қаттиқ танқид қилингани эсингизда бўлса керак. Мажлисда президент томонидан Фарғона вилояти бошқа вилоятларга нисбатан анча орқада қолганлиги, вазият тубдан ўзгариши кераклиги ва раҳбарлар янгича фикрлаши зарурлиги тушунтирилган эди. Халқ дарди ҳаммасидан устун бўлган бир пайтда Учкўприк туманида бўлаётган бундай тушунарсиз ҳолатлар мутасадди ташкилотлар томонидан албатта бартараф этилиши лозим. Давлат ташкилотлари халққа хизмат қилиши керак. Тадбиркорлар давлат ҳимоясида эканлигини унутмаслиги даркор.

Зафарбек Солижонов 

Зафар Солижонов
Тайёрлаган Зафар Солижонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид