Ўзбекистон | 08:36 / 21.06.2018
7954
5 дақиқада ўқилади

Жиззахда ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ташкил этилди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Жиззах вилоятида жамоат тартибини сақлашни, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ва жиноятчиликка қарши курашишни самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Жиззах шаҳар ички ишлар бўлими негизида шаҳарни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар ҳудуди доирасида кучлар ва воситаларни мақсадли жойлаштирган ҳолда Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг ташкилий тузилмаси тасдиқланди.

Мувофиқлаштириш бошқармасига қуйидаги вазифалар юкланди:

ички ишлар органлари бўлинмалари фаолиятини таҳлил қилиш, режалаштириш ва ташкил этиш, мавжуд куч ва воситаларни реал юзага келаётган оператив ва криминоген вазиятни ҳисобга олган ҳолда шаҳар ҳудудининг секторларга бўлинишига мувофиқ доирада тақсимлаш;

шахсий таркибни, биринчи навбатда, барча тармоқ хизматлари ва шаҳар ички ишлар органлари бўлинмаларининг раҳбарларини жойларда аҳоли билан бевосита ишлашга жалб этиш;

халқ билан манзилли мулоқотни ташкил этиш, фуқароларнинг муҳим муаммоларини ҳал этишга ҳар томонлама кўмаклашиш, секторларга бириктирилган давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан яқин ҳамкорлик қилиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилишини, жамоат тартибининг самарали сақланишини, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикасини ва уларнинг олдини олишни, содир этилаётган жиноятларга тезкорлик билан муносабат билдирилишини таъминлаш.

Жиззах шаҳар ички ишлар шаҳар бўлинмалари Мувофиқлаштириш бошқармаси ички ишлар бўлимларига айлантирилсин, уларнинг раҳбарлари зиммасига бевосита секторлар ҳудудларида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг натижадорлиги учун шахсий масъулият юкланди.

Белгиланишича, ички ишлар бўлимлари раҳбарлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

бириктирилган ҳудуд доирасида ички ишлар органларига юкланган вазифаларни бажариш бўйича мустақил қарор қабул қилиш;

шахсий таркибни тарбиялаш ва унинг иши самарадорлигини ошириш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

бириктирилган ҳудудда оператив ва криминоген вазият мураккаблашганда, шунингдек, фавқулодда вазиятлар юзага келганда мавжуд куч ва воситаларни жой- жойига қўйиш.

Қуйидагиларга:

Мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғига - унга юкланган бошқарув функциялари сифатли ва тўлиқ амалга оширилиши, барча кучлар ва воситаларни, шу жумладан, бириктирилган кучлар ва воситаларни, Жиззах шаҳри ички ишлар органларининг тармоқ хизматларини мақсадли тақсимлаш ва улардан самарали фойдаланиш;

ички ишлар бўлимлари бошлиқларига - энг аввало, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси соҳасида кўриладиган чора-тадбирларнинг пировард натижаси, бўйсунувчи шахсий таркиб билан самарали тарбиявий иш олиб борилиши, улар олдига вазифаларнинг тўғри қўйилиши ва юкланган кундалик хизмат вазифалари бажарилишининг амалий назорат қилиниши учун шахсий масъулият юкланди.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиги вилоят ички ишлар органлари фаолияти масалалари бўйича ҳар ўн кунда аҳоли билан, шу жумладан, маҳаллий телеканаллар орқали махсус кўрсатувларни ҳар ойда трансляция қилиш йўли билан очиқ мулоқот ўтказади;

Жиззах вилоятининг барча даражалардаги секторлари раҳбарлари ҳар ҳафтада бевосита жойларга тизимли асосда чиқиб секторнинг камида учта маҳалласида аҳолининг муҳим муаммоларини ўрганади, уларни ҳал этиш юзасидан амалий чора- тадбирлар кўради;

Жиззах вилояти ички ишлар органларининг янги тайинланган профилактика инспекторини фуқаролар йиғинлари ва маҳалла аҳолисига таништириш мажбурий тартибда тегишли сектор раҳбари томонидан амалга оширилади;

Жиззах вилояти ички ишлар органларининг профилактика инспекторларини зоналараро алмаштириш, қоидага кўра, бириктирилган маҳалла ҳудудида камида беш йил ишлагандан кейин амалга оширилади.

Жиззах вилояти ички ишлар органларининг профилактика инспекторларига қонун ҳужжатларида назарда тутилган вазифалар билан биргаликда:

бириктирилган ҳудудда яшайдиган оилаларни ҳар куни ўрганиш, кейинчалик оилалар ҳар бирининг аъзоларини бўлиши мумкин бўлган ҳуқуққа зид хулқ-атвор ва хатти-ҳаракатлар, биринчи навбатда, маиший тусдаги хатти-ҳаракатлар юзасидан якка тартибда диагностика қилиш, профилактик тусдаги амалий чора-тадбирлар кўриш;

маҳаллада криминоген вазиятни яхшилашнинг муҳим омили сифатида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашишга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси юкланди.

Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармасининг матбуот гуруҳи Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармасининг 3 нафар ходимдан иборат бўлган ахборот мультимедия гуруҳига айлантирилди, креатив ёндашувлар асосида жиноятлар ва ҳодисалар тўғрисида холисона маълумотлар бўлган материалларни, ички ишлар органларининг иши ва иш натижалари тўғрисидаги ахборотни тайёрлаш ҳамда теле ва радиоэфирларга вақти- вақти билан беришни, Интернет тармоғига жойлаштиришни таъминлаш унинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Мавзуга оид