Ўзбекистон | 07:30 / 23.06.2018
2352
6 дақиқада ўқилади

Янги қарор: ОИВ-инфекциясини профилактика ва диагностика қилиш ишлари кучайтирилади

Ўзбекистон Республикаси президенти «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш ва шифохона ички инфекцияларини профилактика қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Ҳужжат билан қуйидагилар ОИВ-инфекциясини профилактика ва диагностика қилиш, уни даволаш бўйича аҳолига кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий ёрдамни янада такомиллаштириш ва кенгайтиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

қон орқали юқадиган инфекцияларни профилактика қилиш соҳасидаги даволаш-профилактика муассасаларининг фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;

эпидемиологик назоратни, республикада ОИВ-инфекцияси тарқалиши ва шифохона ички инфекцияларининг профилактикаси назорат қилинишини кучайтириш;

тиббий асбобларни стерилизация қилиш ва тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилиш функцияларини хусусий тузилмаларга бериш орқали давлат тиббиёт муассасаларида давлат-хусусий шерикликни босқичма-босқич жорий этиш;

даволаш-профилактика муассасаларини тест-тизимлар ва ретровирусга қарши препаратлар билан узлуксиз таъминлаш, шунингдек, республикада ОИВ-инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича тадбирларни барқарор молиялаштириш мақсадида бюджетдан ажратиладиган маблағлар миқдорини босқичма-босқич кўпайтириш;

ОИВ-инфекциясини даволаш ва шифохона ички инфекцияларини профилактика қилишда фан ва техниканинг энг янги ютуқларига асосланган инновацион ёндашувларни кенг қўллаш;

ОИВни юқтириб олган шахсларни комплекс тиббий-психологик қўллаб-қувватлаш ишларини ташкил этиш;

ОИВ-инфекциясини профилактика ва диагностика қилиш, уни даволаш бўйича тиббиёт ходимларининг касбий билимлари даражасини ошириш;

давлат тиббиёт муассасаларининг ОИВ-инфекциясини профилактика ва диагностика қилиш, уни даволаш билан шуғулланувчи тиббиёт ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш;

ОИТСга қарши курашиш марказлари ва ОИВ-инфекцияси диагностикаси бўйича туманлараро лабораторияларнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, уларни замонавий диагностика ва лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш;

хорижий соҳавий муассасалар билан яқин алоқаларни йўлга қўйиш ва ҳамкорликни янада ривожлантириш.

ОИВ-инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва шифохона ички инфекцияларини профилактика қилиш юзасидан амалга оширилаётган тадбирларнинг самарадорлигини ошириш бўйича комплекс қўшимча чора-тадбирлар тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Комплекс чора-тадбирларда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши бўйича вазирликлар, идоралар, ҳокимликлар ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти самарали мувофиқлаштирилишини ҳамда уларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан мониторинг олиб борилишини таъминлайди ҳамда бажарилган ишлар тўғрисида ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига ахборот тақдим этади.

Белгиланишича, Комплекс чора-тадбирларда кўрсатилган муассасаларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Молия вазирлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда Комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур маблағларни назарда тутади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

а) Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда дастлабки босқичда соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинида тажриба лойиҳаларини жорий этишни, кейинчалик ижобий тажрибани республиканинг барча минтақаларига тарқатишни назарда тутган ҳолда, тиббий асбобларни стерилизация қилиш ва тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилиш соҳасида давлат-хусусий шерикликни босқичма-босқич жорий этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади;

б) Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, “Ўзбекэнерго” АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда даволаш-профилактика муассасалари, жумладан, стерилизация бўлинмалари ва операция блокларининг сув, газ ва электр энергияси билан узлуксиз таъминланганлиги ҳолатини ўрганиб чиқсин ҳамда ривожланиш давлат дастурларига биринчи навбатда уларни киритиш юзасидан ҳар бир ҳудуд кесимида таклифлар тайёрлайди;

в) Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда республика ҳудудларида ОИВни юқтириб олган шахсларнинг стационар даволаш билан қамраб олинишини кенгайтиришга ҳамда даволаш-профилактика муассасаларини кўп марта ва бир марта ишлатиладиган тиббий асбоблар, тиббиёт буюмлари ва сарфлаш материаллари билан тўлиқ ва ўз вақтида таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни кўради;

г) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда тегишли ҳудудда ва умуман республика бўйича ОИВ-инфекцияси ва шифохона ички инфекциялари тарқалиши профилактикасининг ҳолатини доимий равишда комплекс баҳолашни таъминласин, уларнинг ҳолати ёмонлашишига муносабат билдириш юзасидан аниқ тадбирларни ишлаб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда жазони ижро этиш муассасаларида, шунингдек, ички ишлар органларининг тиббиёт муассасаларида эпидемиологик назорат ҳамда ОИВ-инфекцияси ва шифохона ички инфекциялари тарқалиши устидан назорат қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари билан биргаликда ОИВни юқтириб олган шахсларни ижтимоий, ҳуқуқий, маънавий ва тиббий-психологик қўллаб-қувватлаш, ёшлар ўртасида, айниқса, ОИВ-инфекцияси тарқалиши масалалари бўйича кенг тушунтириш ва тарбиявий тадбирлар ўтказиш, жамиятда оила ва маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш ишларини кучайтиради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид