Жаҳон | 11:15 / 24.06.2018
963
2 дақиқада ўқилади

Туркияда президент ва парламент сайловлари бошланди

24 июнда Туркияда муддатдан аввал президент ва парламент сайловлари бошланди. 

Президент сайловларида 6 номзод иштирок этмоқда: Туркиянинг амалдаги президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған (Адолат ва тараққиёт партияси), Муҳаррам Инже (мухолиф Халқ-республика партияси), Салоҳиддин Демиртош (Халқлар демократияси партияси), Мерал Акшенер (Яхши партия), Темел Карамуллаўғлу (Бахт партияси) ва Догу Перинчек (“Ватан” партияси). 

Президент сайловлари билан бирга Туркия Буюк миллий йиғини – парламент сайловлари ҳам бўлиб ўтмоқда. Ушбу сайловларда 9 та партия иштирокка қўйилган. 

Туркияда ҳаммаси бўлиб 56,3 млн киши овоз бериш ҳуқуқига эга. Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 17.00гача ишлайди. Хорижда 1,5 млн турк фуқароси муддатдан аввал овоз бериб бўлди.  

Президент сайловларининг бош фаворитлари Эрдўған ва Инже ҳисобланади. Эрдўған 1-турнинг ўзидаёқ ғалаба қозонишига ишонмоқда, бунинг учун 50 фоиздан кўпроқ овоз йиғиш талаб этилади. Бироқ жамоатчилик фикрини ўрганувчи баъзи марказларнинг фикрича, сайловларнинг 2-тури бўлиб ўтади. 2-тур 8 июлга белгиланган. 

Туркия президенти ва парламенти 5 йиллик муддатга сайланади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид