23:22 / 27.06.2018
8934

Хоразм вилоятида ногиронлиги бўлган кишиларга бепул уйлар берилди

Шу йилнинг 15 июнь куни Хоразм вилояти, Урганч туманининг «Тандирчи» маҳалласида 4та оилага янги қурилган уй хонадонлари калити тантанали тарзда топширилди.

Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов, вилоят ИИБ бошлиғи вазифасини бажарувчи Шавкат Раҳмонов ва бошқа масъул раҳбарлар, ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Аввалроқ, Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи раҳбарлик қилувчи Урганч, Хонқа ва Янгиариқ туманларини ўз таркибига олувчи 3-секторнинг ижтимоий ҳимояга мухтож аҳолисидан уй-жой ажратилиши ёки қурилишида амалий ёрдам кўрсатишни сўраб бир қанча мурожаатлар тушган эди. Шундан сўнг, маҳалла фаоллари билан келишилган ҳолда, уларнинг яшаш шароити, турмуш тарзи ва даромад манбалари ўрганиб чиқилиб, ҳақиқатда уй-жойга муҳтож, жисмоний имконияти чекланган 4та оила танлаб олинди.

ИИБ қўшимча маблағлари ва саховатпеша тадбиркорлар кўмагида қисқа вақт ичида 4та хонадонга мўлжалланган уй қуриб битказилди. Шунингдек, хонадонлар кундалик турмуш тарзи учун зарур бўлган уй-рўзғор жиҳозлари билан ҳам таъминлаб берилди. Рамазон ҳайити куни эса хонадонлар калити эгаларига топширилди.

Тадбирда сўз олган янги хонадон соҳиблари вилоят ИИБ раҳбариятига чуқур миннатдорчилик билдирдилар.

«Мен, кўзим ожиз бўлганлиги сабабли, биринчи гуруҳ ногирониман, турмуш ўртоғим ҳам ногиронлиги бўлган инсон, 2 нафар фарзандларимиз бор. Мана неча йилдирки, ижарада яшаб келаётган эдик, уй-жой олишга маблағимиз, қуришга имкониятимиз йўқ эди. Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи томонидан ўтказилган оммавий қабулда иштирок этиб, уй-жой олиш масаласида мурожаат этган эдим. Мурожаатим тез ва тўлиқ қаноатлантирилганидан чексиз хурсандман. Ўзимнинг жисмоний имкониятим чекланганлиги боис давлат ва жамият учун тўлиқ наф келтира олмаяпман, лекин фарзандларимни албатта юрт манфаатига хизмат қиладиган инсонлар қилиб тарбиялайман. Зеро улар ҳам келгусида комил инсонлар бўлиб вояга етишиб, ижтимоий ҳимояга муҳтожларга ўз ёрдам  қўлларини чўзишларини хоҳлайман» - деди янги қурилган хонадонлардан бирининг эгасига айланган Ботир Камалов.           

Бахтсиз воқеа туфайли, оёқлари фалаж бўлиб қолган 37 ёшли Мирза Худоёров саховатли ишни амалга оширганларга миннатдорчилик билдирди.

«Уй-жой шароитимиз оғир экани туфайли, ИИБ бошлиғига мурожаат қилган эдик. Қисқа вақт ичида бу муаммо ижобий ҳал қилинди. Тўғриси, бундай бўлишини умуман кутмаган эдик. Саховатпеша одамлардан жуда ҳам миннатдормиз» - деди Мирза Худоёров.

Тадбир якунида вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов бошқа сектор раҳбарлари ҳам бундай саховатли ишларни мунтазам амалга ошириши лозимлиги ҳақида топшириқ берди.

Top