Жамият | 19:15 / 29.06.2018
28892
8 дақиқада ўқилади

Банкдан норози тадбиркор адолат истайди

Наманган вилояти Норин тумани ўзининг нафақат гўзал об-ҳавоси, табиати, балки меҳнаткаш ва тадбиркор халқи билан ҳам ажралиб туради. Аммо, ҳар доим ҳам тадбиркорларга кўмак бериляптими? Тадбиркорлар йўлидан чиқаётган тўсиқлар бартараф этилмоқдами? Мазкур саволларга жавоб топиш мақсадида Норин туманига бордик.

«Афсуски, йўқ. Бизга ёрдам бериши вазифаси бўлган ташкилотлар аксинча бизнинг йўлимизга тушов бўлмоқда», дейди норинлик тадбиркор аёл.

Муқаддам Мавлонова «Оригинал қурилиш монтаж» МЧЖ таъсисчиси ҳисобланади. Муқаддам опанинг сўзларига кўра, Халқ банки Норин тумани бўлими ходимлари кредит олаётганда унга нисбатан ноҳақлик қилишган.

2016 йил октябрь ойида кушхона қуриш мақсадида кредит олиш учун банкка мурожаат қилган. Мавлонова жами бўлиб 450 миллион сўм кредит олмоқчилигини айтган. Турмуш ўртоғи Абдуғани Мавлонов ўзининг 2011 йилда ташкил этилган «Моҳидил орзу баракаси» хусусий корхонаси ва «Чорва қут-барака» хусусий корхонаси бино-иншоотлари ва «Спарк» автомобилини гаровга қўйган. Ўша вақтда бу бино-иншоотлар ва автомашинанинг нархи 200 миллион сўмни ташкил этган.

Тадбиркор аёлнинг айтишича, банк ходимлари шу вақтда кредитларга гаров қилиб қўйилган 2008 йилда ишлаб чиқарилган СLAAS DOMINATOR русумли комбайни банк балансида «осилиб тургани»ни айтишган. «Юқори»дан ҳалигача комбайн масаласини «бир ёқли қилиш» кераклиги талаб қилинаётганини тушунтиришиб, Мавлоновадан вақтинча гаровига олиб туришини илтимос қилишган. Бу иш билан боғлиқ расмиятчилик масалалари банк ходимлари томонидан ҳал этилишини таъкидлашган. Тадбиркор аёлга мазкур комбайн 9 фоиз устама тўлаш шарти билан уч йил муддатга кредит сифатида берилган. 

«Комбайн гаровга қўйилган пайтда 80 миллион сўм учун қўйилган ва бу пул йиллар давомида 162 миллион сўмга айланган», дейди Абдуғани Мавлонов. 

Оила «Комбайн иши»да ёрдам беришига қарамай, бу комбайнни таъмирлаш учун жами 41.500.000 сўм миқдорида ўз ҳисобидан харажат қилади. 

Бу орада турмуш ўртоғининг талаби билан Мавлонова кредитдан воз кечиши ҳақида банк ходимларини огоҳлантиради. Шундай бўлсада унинг хоҳишисиз кредит чиқарилади. Мемориал ордер билан мижознинг рухсатисиз ҳам кредит суммасини чиқариб юбориш иддао қилинади ва комбайн масаласи «ҳал этилади».

Ишнинг қизиқ томони, кредит Мавлонованинг розилигисиз чиққани етмаганидек, энди кредит сифатида чиқарилган пулнинг 200 миллион сўмлик қисми «Оригинал қурилиш монтаж» МЧЖ балансига ташлаб берилади. Қолган 250 миллион сўм маблағ банк ҳисобварағида йўқ эди.  

«Филиалга янги бошқарувчи келгунича бу пулларнинг тўловини сўраб банкдан ҳеч ким келмаган», дейди Муқаддам Мавлонова.

Ахир банклар кредит тўлов муддати келган вақтда кредиторнинг эшигини тақиллатиб ташлайдику?! Бир йил вақт ўтганидан сўнг қарзингни тўла дейиши жуда қизиқ ҳолат.

Бу пуллар қаёққа кетди? Комбайн масаласига ким изоҳ беради? Мижоз билан ким ишлаган ўзи? Ана шу саволлар билан туман Халқ банки филиалига йўл олдик.

Бу ерда бизни банкнинг янги бошқарувчиси кутиб олди. Бу лавозимга яқинда тайинлангани, ишни фақат ҳужжатлардангина билишини айтиб ўтди. У озроқ кутиб туришимизни сўраб, биз берган саволларга банк ҳуқуқшуноси жавоб бера олишини маълум қилди.

Банк ҳуқуқшуносидан жўяли фикрлар кутган эдик. Афсуски, саволларимизга тўлиқ жавоб ололмадик. Ҳуқуқшунос эса яқинда иш бошлаганини, ҳали бу иш билан атрофлича шуғулланишга улгурмаганини билдирди. Бунинг устига у ҳужжатларни тўғри танлаб кўрсата олмади. Судга берилган даъво аризасининг нусхаси ҳам, асли ҳам банкда мавжуд эмаслиги бизни ҳайрон қолдирди. Майли, ҳуқуқшуносда ҳам айб йўқ. У ҳам яқинда келган-ку деймиз. Аммо муаммога ким ечим беради? Бечора тадбиркор кўрган зарарчи, уни ким қоплайди? Тадбиркор оила - Мавлоновлар ўзларининг тадбиркорликлари бўйича жами 37 нафар фуқарони иш билан таъминлаб келган. Шу нарсаларни била туриб лоқайдлик билан муносабатда бўлишгани ақлга сиғмайди. Мазкур масала юзасидан 2018 йил 19 январда Фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон тумани судининг тегишли ҳал қилув қарори чиқарилган. Бу қарор юзасидан кассация шикояти берилган. Шикоят сабаби 2016 йил 27 декабрда Халқ банки АТ билан 450 миллион сўмга кредит шартномаси тузилган. 200 миллион сўм қисмини «Оригинал қурилиш монтаж» МЧЖ ҳисобига тушириб берилган. Қолган 250 миллион сўм эса ҳисобга ўтказилмаган. 

Банк филиали ходимлари билан учрашувдан сўнг, расмий изоҳ олиш мақсадида Халқ банкининг Бош офисига йўл олдик. Бош офисда мутахассислардан ташкил этилган Комиссия бизни кутиб олди ва учрашув бошланди.

Ҳар бир мутахассис ўз йўналиши бўйича ишга алоқадор саволларга жавоб беришди. Мижоз томонидан берилган эътирозларни тингланди ва тартиб-қоидалар бўйича тушунтиришлар берилди. 

Учрашув давомида ишга алоқадор эътирозлардан ташқари филиал ходимларининг касб этикасини бузиш ҳоллари масаласи тадбиркор томонидан бир неча маротаба таъкидланди.

«Мен кўп бора бу ходимларнинг ортидан қувдим. Доим у чойхонада ёки бу чойхонада бўлишади. Филиалнинг бош ҳисобчиси эса «банк маликаси» деган лақаб олган. У мижозга «хоҳлаган ишингни қил» дейди» дея шикоят қилади Мавлоновлар оиласи.

Бош офис мутахассислари эса бу масала қонун доирасида ўрганилиб, тегишли чоралар албатта кўрилишини ваъда беришди.

Учрашув давомида AT Халқ банкининг Бухгалтерия ҳисоботи ва ҳисоботи департаменти бошқарма бошлиғи Алишер Давлатов, AT Халқ банкининг Кредит департаменти бошқарма бошлиғи Бекзод Сарманов , AT Халқ банки Наманган филиали бўлими бош ҳуқуқшуноси Баҳром Дадахонов ўз йўналишларида жавоб беришга ҳаракат қилишди.

Учрашувда модераторлик вазифасини Халқ банки Ахборот хизмати ходими Сарвар Очилов ўз зиммасига олди. Бундан ташқари, AT Халқ банки Наманган филиали Кредит бўлими бошлиғи Олим Асқаров, AT Халқ банки Норин туман филиали бошлиғи ўринбосари Шерзодбек Алиханов, AT Халқ банки Норин туман филиали ҳуқуқшуноси Зокиржон Эрматов ўз фикрларини билдириб ўтишди.

Учрашув сўнггида AT Халқ банки Иқтисодий таҳлил департаменти директори  Жамолбек Юсуповнинг таклифига асосан тадбиркор Мавлонов ўз талабларини айтиб ўтди. 

Муаммо юзасидан тадбиркорга ёрдам бериш масаласи, яъни, комбайн сотилиши ва бошқа талаблар бўйича амалий ёрдам берилиши банк мутасаддилари томонидан ўртага қўйилди. Тадбиркор ушбу ваъдаларга умид қилган ҳолда учрашув якунланди. 

2018 йил 12 апрелда кўрилган кассация судининг қарорига кўра,  ушбу ҳолат бўйича, жиноят иши қўзғатиш мақсадида прокуратурага юбориш тўғрисида хусусий ажрим чиқарилган.

Ҳақиқат юзага чиқишини эса доимгидек олий ҳакам вақт ҳал қилади. Умид қиламизки, қонун ҳимоячилари Ўзбекистон Республикаси президентининг «Тадбиркор йўлига тўсиқ бўлиш давлат сиёсатига хиёнат қилиш демакдир» сўзларини англаган ҳолда, адолатли ҳал этишини умид қилиб қоламиз.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ Халқ банкининг Ўрта Чирчиқ туманидаги ҳолати бўйича мақола эълон қилинган эди.

Баҳодир Ахмедов

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид