Ўзбекистон | 17:20 / 01.07.2018
33782
4 дақиқада ўқилади

Ёшлар иттифоқининг «Каптива»лардан иборат кортежи: энди ёқимли ва фойдали машғулотлар омихта қилиниши керак

Интернетдаги ижтимоий тармоқларда ва мессенжерлардаги оммабоп каналларда 30 июнь — ёшлар кунида бир гуруҳ ёшлар иттифоқи аъзоларининг «Каптива» автомашиналаридан иборат кортежда байроқ ҳилпиратиб, шаҳар кезгани қизғин муҳокама бўлмоқда.

 
ЎзЁИнинг «Каптива»лардан иборат кортежи: энди ёқимли ва фойдали машғулотлар омихта қилиниши керак

ЎзЁИнинг «Каптива»лардан иборат кортежи: энди ёқимли ва фойдали машғулотлар омихта қилиниши керак 👉 https://kun.uz/11000418

Posted by Kun.uz on Sunday, July 1, 2018

Ушбу кортежни йўл ҳаракати қоидаларига зид эканлиги ва бошқа нарсаларда айблаётган аксарият фойдаланувчилар ушбу ҳолатга эътибор ҳам қилмаслиги мумкин эди, агар ЎзЁИ марказий кенгаши раиси Қ.Қуронбоев бир неча кунлар аввал Наманган вилоятида тўй кортежини тўхтатиб, ёш-келин куёвларни таксига миндириб юборганини журналистларга ҳикоя қилиб бермаганида.

Албатта, кейинчалик Қуронбоев вазиятга изоҳ бериб, аввалги сўзларидан тонгандек бўлди, бунинг учун ҳаттоки президент танқидига ҳам учради.

Лекин кўпчиликнинг фикрига терс ўлароқ, мен ёшларимизнинг кортеж тузишдек ишларини ижобий баҳолайман ва уларнинг бу хатти-ҳаракати менга жуда ёқди. Бунга сабаб — Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи Эркин Маликнинг Ўзбекистон Ёшлар иттифоқига йўллаган очиқ хатидир.

Эркин Малик ўз очиқ хатида Оролбўйи ҳудудидаги уч миллион гектар ерни ўрмонга айлантириш учун 150 йил керак бўлиши, бу муддатни ёшларнинг сафарбарлиги билан бир неча ўн йилларга қисқартириш мумкинлигини ёзган.

«Ахир Орол бизники, унинг туз ва қумлари таҳдид солаётган жаннатмонанд юрт ҳам бизники. Орол тақдири сизнинг тақдирингиз. Эртага дунёга келадиган фарзандларингизнинг тақдири. Кўчат экилишини кутаётган 2,5 миллион гектар ер харитаси тузилиб ёшларга бўлиб берилса, қанчадан тегиши мумкин? Хўжаликларимиз қанчадан кўчат етиштириб бериши мумкин?» — деб ёзади муаллиф.

Агар ЎзЁИ аъзолари 10 миллиондан ортиқлиги инобатга олинса, 25 сотихдан тегади. 50×50 метр дегани.

«Агарда ўзбекистонлик ёшлар шундай ташаббус билан чиқса, қўшни давлатларнинг ёшлари ҳам қараб турмайди. Бу ҳаракатга жон, деб қўшилади», деб ишонади у.

Ва мактуби сўнгида хитоб қилади: «Ҳа, уйғонинг азиз ёшлар! Ёшлар иттифоқи бошчилигида ҳаракатга тушинг. Биз кексалар ҳам, албатта, сафингизда бўламиз».

Дарҳақиқат, жуда фойдали таклиф!

Оролбўйига яқиндагина сафар уюштириб келган, у ерларни ўз кўзи билан кўрган одам сифатида айтишим мумкинки, у ерларга оддий машина бора олмайди. Айнан «Каптива» сингари йўл танламас машиналарда етиб бориш мумкин.

Яъниким, ёшларимиз мана шундай «Каптива» кортежларини юртимизнинг барча гўшаларида янада ривожлантириб, йўлни тўғри Оролбўйига солишлари керак. Саксовулзорлар барпо этиш учун! Ёқимли ва фойдали ишни омихта қилиш яна ёшларимизнинг ихтиёрига ҳавола этилади.

Шуҳрат Шокиржонов.

Мавзуга оид