Бухоро шаҳрида автомобил ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойида пиёдани ўтказиб юбориш учун тўхтаган. Натижада унинг ортидан ЙПХ кузатувида келаётган кортеж ҳам тўхташга мажбур бўлган. Ҳайдовчи айни шу эпизод учун жаримага тортилганини айтмоқда. ЙҲХБ эса ҳайдовчи узоқ масофадан кортежга йўл бермай келгани учун жаримага тортилганини билдирди. Ҳайдовчи ишни юқори идоралар кўриб чиқишини сўраяпти.
Ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳрида ЙПХ кузатувидаги кортеж билан рўй берган ҳолат муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
20 июн куни шаҳарнинг Дилкушо кўчасида ҳаракатланаётган Kia K5 автомобили ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган пиёдани ўтказиб юбориш учун авария чироқларини ёқиб, тўхтаган. Бу ҳолат унинг ортидан келаётган ЙПХ кузатувидаги кортежни ҳам тўхташга мажбур қилган.
Кўчадаги кузатув камерасига муҳрланган видеода сирена чалган ҳолда ҳаракатланиб келган кортеж таркибида жами 5 та автомобил: олд ва орқада 2 та ЙПХ автомобили, 2 та кроссовер (чамаси Captiva) ва битта Mercedes Benz русумли машина бўлгани кўринади. Кортеждаги 3 та машина пиёдалар ўтиш жойида тўхтамасдан, ўтиб кетган.
Видеода Captiva ҳайдовчиси гарчи олдинда катта ёшли пиёда бўлганига қарамай, сигнал чалиб, олдида турган фуқаронинг машинасини йўлни бўшатишга ундагани кўринади. Пиёдалар ўтиш жойидан ўтмоқчи бўлган фуқаро эса, бу шовқиндан кейин ортига қайтган. Кортеждаги Captiva пиёдалар йўлакчаси олдидаги сидирға чизиқни босиб, бошқа ҳаракатланиш бўлагига ўтган ва йўлида давом этган.
Шундан кейин пиёдага йўл берган Kia K5 ҳайдовчиси бошқа ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилиб, унга нисбатан баённома расмийлаштирилган, автомобил эса жарима майдонига қўйилган.
«Ортимиздан бошқа ЙПХ ходимлари етиб келиб, бизни тўхтатди ва жарима ёзишини айтди. Мен вазиятни тушунтирсам, ЙПХ ходими: «раҳбарият кўрсатмаси, мен уларга ҳеч нарса деёлмайман» деди. Биз нима қилишимиз керак эди? Олдимизда ўтаётган одамни уриб кетайликми?» – дейди Kia K5 салонида бўлган фуқаро Kun.uz билан суҳбатда.
Ҳайдовчига МЖтКнинг 128-5-моддаси 2-қисми билан баённома расмийлаштирилиб, БҲМнинг 10 баробари – 3 миллион 750 минг сўм жаримага тортилган.
Бухоро вилояти ЙҲХБ катта инспектори, майор Рустам Очилов тузган баённомада ҳайдовчи «Ҳаракатланиш бўлагига йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда чиққани» ёзилган. Тармоқда тарқалган видеода эса бундай қоидабузарлик кўринмайди.
















