Жаҳон | 12:18 / 06.07.2018
5119
2 дақиқада ўқилади

Рио-де-Жанейро пластмасса чиқиндидан воз кечиш учун яна бир қонун қабул қилди

Фото: Reprodução

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳри маҳаллий бар ва ресторанларга пластик қувурчаларни ичимликлар билан бирга бериш тақиқланди. Шаҳар мэри Марселу Кривелла шу ҳақдаги ҳужжатни имзолади, деб ёзмоқда Globo нашри.

Умумий овқатланиш муассасалари ушбу қоидани бузадиган бўлса, биринчи сафар 3 минг реал (770 АҚШ долларига яқин), иккинчи сафар 6 минг реал (1540 доллар)гача жаримага тортилади. Бар ва ресторанлар пластик ўрнига кўп марта фойдаланиш мумкин бўлган ёки чирийдиган материаллардан ясалган қувурчалар тақдим этиш тавсия этилмоқда. 

Таъкидланишича, Рио-де-Жанейро Бразилиянинг шу каби қонун қабул қилган илк шаҳри бўлган. 

Бундан ташқари, Рио-де-Жанейро қонунчилик ассамблеяси май ойида супермаркетларга бир марталик полиэтилен пакетларни бепул беришни тақиқлаган эди. Ҳужжатни штат губернатори Луис Фернанду Пезау имзолагач, кучга киради. 

2009 йилдан Рио-де-Жанейро штатида пластик пакетлардан воз кечишга туртки берадиган қонун ҳам амалда. Унга кўра, савдо тармоқлари харидорлар ўз сумкаларидан фойдаланса, чегирма тақдим этишлари лозим. 

Полиэтилен пакетлар нафақат энг кенг тарқалган, балки энг секин чирийдиган чиқиндилардан бири ҳисобланади. У 100 йилдан 500 йилгача ерда сақланиши мумкин. Пластик чиқиндилар, айниқса денгиз ва дунё океанига салбий таъсир кўрсатмоқда. Халқаро "Гринпис" ташкилотига кўра, дунё океанидаги жами чиқиндининг 80 фоизи пластмассадир. 

Мавзуга оид