Жаҳон | 19:00 / 07.07.2018
5879
2 дақиқада ўқилади

Руминияда МиГ-21 қирувчиси ҳалокатга учради

© AFP 2018 / Daniel Mihailescu

Руминия ҳарбий ҳаво кучларининг МиГ-21 Лансер қирувчи самолёти Фетештдаги ҳарбий ҳаво базасидан 10 км узоқликда фалокатга учради. Бу ҳақда Руминия Миллий мудофаа вазирлиги матбуот хизматига асосланиб, «РИА Новости» хабар бермоқда.

Вазирлик баёнотида айтилишича, 7 июль, шанба куни Фетештдаги 86-ҳарбий базадан ҳавога кўтарилган МиГ Лансер самолёти тахминан соат 13:30ларда ҳаво базасидан 10 км шимолда қулаб тушган. Ҳозирда учувчининг аҳволи, у ҳалокатдан олдин самолётни тарк этишга улгургани ё улгурмагани номаълумлигича қолмоқда.

Маълум бўлишича, ҳалокат базада ўтказилаётган ҳарбий кўргазма амалиётлари вақтида юз берган. Ҳаво базаси раҳбарияти фавқулодда ҳолатлар режасини амалда қўллаб кўраётган бўлган.

«Биринчи навбатда самолётни бошқарган учувчи ҳақида ўйламоқдамиз, унинг ҳолатини билишимиз керак. Тўла масъулиятни зиммамга олган ҳолда айтишим мумкинки, Руминия ҳарбий-ҳаво кучлари учувчи аппаратлари тўлиқ соз ҳолатда», - деди мамлакат мудофаа вазири Михай Фифор Romania TV`даги чиқиши вақтида.

Воқеа юзасидан тафтиш ўтказиш учун Руминия мудофаа вазирлиги қошида махсус комиссия тузилган.

Қайд этиш жоиз, бундан бир йил аввал ҳам Руминиянинг худди шу русумдаги қирувчи самолёти машғулотлар вақтида ҳалокатга учраганди. Ўшанда самолёт учувчиси катапульта қилишга улгурган, бироқ умуртқасидан жароҳат олганди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид