Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистоннинг хусусий туристик ташкилотлари вакиллари билан учрашди
Бугун, 9 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Умаров туристик фаолият субъектлари билан учрашди.
KUN.UZ мухбирининг хабар беришича, мазкур тадбир Ўзбекистоннинг хусусий туристик ташкилотлари ассоциацияси (ХТТА) раисини сайлаш билан боғлиқ ташкилий масалаларни кўриб чиқиш, мамлакатдаги туроператорлик фаолиятини ривожлантириш ҳамда Ўзбекистоннинг туристик жозибасини оширишга доир қатор масалаларни муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилган.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Вазирлар Маҳкамасининг 29 июндаги 398-сонли қарорига киритилган туристик йиғим ундириш тартиби тўғрисидаги низом билан боғлиқ янгиликлар муҳокама қилинди.
Шунингдек муҳокамалар доирасида Ўзбекистоннинг солиқ тизимини ислоҳ қилишга доир янги концепциянинг асосий қоидалари кўриб чиқилди. Хусусан, иштирокчилар томонидан туристик фаолият субъектлари учун имтиёзларни сақлаб қолиш масаласи кўтарилди.
Бундан ташқари, мамлакат туристик бозорига халқаро брон қилиш тизимлари (booking.com, hotels.com) иштироки ва уларнинг Ўзбекистон туроператорлари рақобатбардошлигига таъсири ҳақида сўз юритилди.
Туроператорлар томонидан Ўзбекистондаги темир йўл чипталарини брон қилиш ва қўлга киритиш билан боғлиқ муаммолар кўтарилди ва уларни қандай бартараф этиш мумкинлигига доир таклифлар тингланди ва хулосалар қилинди.
Тадбирда шунингдек Ўзбекистонга келувчи хорижий туристлардан ундирилувчи йиғимлар, сайёҳлар хавфсизлиги, меҳмонхоналар юлдузлари сонининг ошиши харажатларнинг ошишига олиб келиши каби масалалар қизғин муҳокама қилинди.
Тадбир якунига кўра, бунга қадар ХТТА ижрочи директори лавозимида фаолият юритган Гулчеҳра Исроилова Ўзбекистоннинг хусусий туристик ташкилотлари ассоциацияси раиси этиб сайланди ва бундан буён туристик фаолият субъектлари барча муаммолар ва баҳс-мунозараларга сабаб бўлувчи масалалар бўйича унга мурожаат қилишлари мумкинлиги айтилди.
Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов туристик фаолият субъектлари вакилларининг барча муаммо ва саволларини тинглаб, уларга жавоб қайтарди, таклифларни қабул қилди. Шунингдек улардан Ўзбекистоннинг хорижий сайёҳлар учун жозибасини ошириши мумкин бўлган янги виза турлари ва туристлар учун қулайликлар бўйича таклифлар беришни сўраб, уларнинг кўриб чиқилишига ваъда берди. У шунингдек айни дамда меҳмонхона бизнеси бўйича имтиёзлар устида ишланаётганини маълум қилди.
Умуман олганда, Ўзбекистон ҳукумати ва хусусий туристик ташкилотлар ўртасидаги учрашув жуда самимий ва очиқ муҳитда ўтди, деярли барчага муаммо ва таклифларни баён этишига имкон берилди. Тадбир иштирокчилари Азиз Абдуҳакимов Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси сифатида юритган фаолияти, унинг Ўзбекистон туризмини ривожлантиришига қўшган ҳиссаси унгача бу соҳада қилинган барча ишлардан юқори бўлганини қайд этишди ва қўмита раиси Бахтиёр Умаров ҳам у бошлаган ишларни давом эттиришига умид билдиришди.
Мавзуга оид
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
13:48 / 13.11.2024
Жаҳон банки вакили Ўзбекистоннинг COP29’даги павилёни билан танишди
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
10:26 / 03.11.2024