26 июнда машҳур Starbucks қаҳвахоналари тармоғини икки марта ижрочи директор мавқеида бошқарган ва директорлар кенгаши раиси лавозимини эгаллаган Говард Шульц компанияни тарк этди. Мазкур мақолада Шульцнинг “Starbucks финжонма-финжон қандай барпо этилди?” китобидан парчалар ва Starbucks ҳамда унинг афсонавий раҳбари тўғрисидаги мақолалар эътиборингизга ҳавола этилади.

Фото: HBR

1961 йилнинг совуқ январь тонгида ишхонада отамнинг оёғи синиб қолди. Мен ўша вақтда етти ёшда эдим ва онам еттинчи қаватда жойлашган уйимизнинг ойнасидан менга қўлини силкитган маҳал мактабнинг орқа ҳовлисида қорбўрон айни авжига чиққан эди. Уйга қараб югурдим. – Отанг билан бахтсизлик содир бўлди, - деди у.  – Касалхонага кетяпман.

Отам Фред Шульц тепага қаратиб осиб қўйилган оёғи билан бир ойдан ортиқ уйда ётди. Мен олдин ҳеч ҳам гипсни кўрмагандим, шунинг учун у менга ғаройиб алланарсадек кўринди. Бироқ янгиликнинг ажойиблиги тезда йўқолди. Отамга ҳам унинг дўстлари каби ижтимоий ҳолати бўйича ишга бормаган вақтда маош берилмасди. Бахтсиз ҳодисагача у плёнка йиғувчи ва ташувчи юк машина ҳайдовчиси бўлиб ишларди. Узоқ ойлар давомида отам уларнинг бадбўй ҳиди ва ифлослиги устидан нолиб, бу дунёдаги энг ёмон иш эканини таъкидларди. Бироқ ишини йўқотгач, менимча яна ўз жойига қайтишни истарди.

Онам етти ойлик ҳомиладор эди, шунинг учун ҳам ишлай олмасди. Оиланинг даромади ҳам, суғуртаси ҳам, касаба уюшма қопламаси ҳам йўқ эди. Мен ва опам стол атрофида тушлик ердик, ота-онам эса кимдан қанча пул олишга тўғри келиши ҳақида баҳслашарди. Баъзида телефон жирингларди ва онам трубкани мен олишимни айтарди. Агар қарз тўғрисида қўнғироқ қилишаётган бўлишса, “Ота-онам уйда йўқ”, дея жавоб беришим керак эди.

Укам Майкл март ойида туғилди, касалхона харажатларини тўлаш учун улар яна қарз олишга мажбур бўлишди. Бу воқеага кўп бўлган бўлса-да, бир оёғи гипсда, диванда иложсиз ўтирган, ишлай олмайдиган отамнинг қиёфаси хотирамдан умуман ўчмаган. Ҳозир ўтмишга боқиб, ўз отамга чуқур ҳурматни ҳис этаман. У ўрта мактабни тугатмаган, бироқ ҳақгўй инсон бўлган ва ишдан қўрқмаган. Баъзида кечки пайт стол устига қўйишга бирор нарса келтириш учунгина икки ёки уч жойда ишлаган. Ўз фарзандларига яхши ғамхўрлик қиларди, дам олиш кунлари эса ҳатто улар билан бейсбол ўйнарди. У Yankeesни ёқтирарди.

Бироқ ҳаёт томонидан синдирилган одам эди. “Кўк ёқалар” учун мўлжалланган бир ишни бошқасига алмаштирарди: юк ташувчи машина ҳайдовчиси, фабрика ишчиси, таксичи, бироқ бир йилда 20 минг доллардан ортиқ пул ишлаб тополмади ва шахсий уй сотиб ололмади. Болалигим Бруклиннинг Канарси шаҳридаги давлат томонидан субсидия қилинадиган уйлар – Projectsда ўтди. Ўсмирга айлангач, бу қандай уят эканини англадим. Улғайгач, ота билан қарама-қаршиликларга дуч келдим. Мен унинг муваффақиятсизликлари, масъулияти етишмаслигига нисбатан сабрсиз эдим. Агар ҳаракат қилганида кўпроқ нарсага эришарди деб ўйлардим.