Тошкентда яна ёнғин. 9 қаватли уйда жойлашган гўзаллик салони ёниб кетди
Бугун, 12 июль куни Миробод тумани Ойбек кўчасидаги кўп қаватли уйлардан бирида ёнғин чиқди. Тошкент шаҳар ИИББ ҳодиса ҳақида расмий хабар берди.
«Бугун соат 14.50да Миробод тумани Ойбек кўчасида жойлашган 9 қаватли уйнинг 1-қаватидаги гўзаллик салонида ёнғин юз бергани ҳақида хабар келиб тушди. Воқеа жойига 2та ўт ўчириш машинаси қисқа фурсатда етиб борди.
Маълум бўлишича, “Bell clio” салонининг соябонида ёнғин келиб чиққан бўлган. Тезкор ҳаракатлар натижасида соат 15.08да аланга жиловланиб, соат 15.09да бутунлай бартараф этилди.
Аланга оқибатида уйнинг 2-7 қаватларидаги дераза ромлари зарар кўрган. Ўт ўчирувчиларнинг тезкор ҳаракатлари натижасида ёнғиннинг авж олиб кетиш хавфи олди олинди. Қурбонлар ва жароҳат олганлар йўқ. Ёнғин сабаблари ўрганилмоқда», дейилади хабарда.
Қайд этиш жоиз, бугун тушдан сўнг Тошкентнинг Юнусобод туманидаги супермаркетлардан бирида ҳам ёнғин юз берганди.