Ўзбекистон | 22:09 / 14.07.2018
55093
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ҳокими: “Менга лойиҳангизни марказда яшаб турган инсонларнинг уйини “снос”га тушириб олиб келманг”

Бугун, 14 июль куни Тошкент шаҳар ҳокимиятида Тошкент шаҳар ҳокими ва тадбиркорлар, хорижий инвесторлар иштирокида “Тошкент шаҳрини ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш”га бағишланган очиқ учрашув бўлиб ўтди.

Тадбир икки босқичда ўтказилди. Биринчи босқичда Тошкент шаҳар ҳокими ҳар бир тадбиркор ва инвестор билан шахсан суҳбатлашди. Уларнинг лойиҳалари билан танишди. Керакли кўрсатмаларни берди. 

Тадбирнинг иккинчи босқичи Тошкент шаҳрининг келажакдаги кўриниши акс эттирилган видеоролик билан бошланди. Шундан сўнг, шаҳар ҳокими йиғилган тадбиркорлар, инвесторлар ва туман ҳокимияти вакилларига ўз таклифларини билдириб ўтди.

“Биз бу ерга бир мақсадга эришиш учун йиғилдик. Қайси бирингизга қанча ер керак? Мана, биз берамиз. Тошкент шаҳрининг турли туманларида бўш турган ерлардан унумли фойдаланинг. Фақат қуйидаги талабларни бажаринг. Инсонлар роҳатланиб дам олаётган боғлар, дарахтзорларни бузманг. Ишлаётган фаввораларни йўқ қилманг. Европа андозалари асосида қуринг, нима қурсангиз ҳам. 

Марказда инсонлар яшаётган уйларни “снос”га тушириб олиб келманг, менга лойиҳа қилиб. Уларни рози қилиб, кейин келинг. Уларнинг ўрнига аввал ўзингизни қўйинг. Осонмас. Уй қураман десангиз қанча хоҳласангиз жой топилади. Дам оладиган жойларнинг ўрнига ҳам уй қурмоқчиман деб ташаббус билан чиқманглар”, - деб қайта-қайта таъкидлади Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Тадбир давоми савол-жавоб тарзида ўтди. Инвесторлар ва тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Бир инвестор шаҳар ҳокимига уларнинг компанияси Тошкент ҳудудида жуда катта масжид қурмоқчилигини айтиб, ер сўради. Бунга жавобан ҳоким: 

“Менда бир савол бор. Ҳозир кўчада, ахлатхоналарда, қутиларнинг ичида уйсиз яшаётган инсонлар бор. Сизга бериладиган ерга ўша бечораларга уйлар қурганимиз яхшими ёки жимжимадор масжид қурганимизми?”, - деб савол берди. Шунда тадбиркор уйсизларга уй қуриш лозимлигини айтди.

“Ҳокимликлар, айёр ўйинлар қилишни бас қилинг. Яна бир бор огоҳлантираман. Ер берилиши шаффоф ва коррупциясиз бўлиши керак. Менга ва командамга пора керакмас. 

Ёки Президентимизни тушуниб, елкама-елка ёнида туриб, катта мақсадимизга бирга эришамиз. Халқни рози қиламиз. Ёрқин келажагимизни яратамиз. Ёки йўқ бўламиз. Келганингиз учун барчангизга раҳмат”, – деб мажлисга якун ясади шаҳар ҳокими.

Мавзуга оид