Ўзбекистон | 22:02 / 14.07.2018
18359
2 дақиқада ўқилади

Украинанинг собиқ ички ишлар вазири Киевга Қримни қайтариб олиш режасини таклиф қилди

Фото: ТАСС

Украинанинг собиқ ички ишлар вазири Анатолий Могилев Қримни Днепр суви билан таъминлашни таклиф қилди.

Унинг сўзларига кўра, бу Киевга яриморолнинг "қайта интеграция" қилинишига ёрдам беради. Могилев Қрим ташқаридан сув келмаса "қуришини", чунки яриморолнинг шимолий ва марказий қисмида "бўш жойлар кўплиги" ва "катта сув захираси" йўқлигини айтди.

"Агар Қримда яшаётганларни Украина фуқаролари деб ҳисобласак ва келажакда Қримнинг қайта қўшилишини ўйлайдиган бўлсак, у ҳолда у ерда яшаётган одамлар ҳақида ўйлашимиз керак. Сув инсон ҳаётидаги энг муҳим нарсалардан бири эканлигини биламиз. У ерда ҳалокат, қурғоқчилик бўлиши, лекин фақатгина Днепрдан сув берилганида вазият ўнгланиши мумкин", — деди Могилев "112 Украина" телеканалига берган интервьюсида.

Собиқ вазир шунингдек Киевга сувни “Қора денгизга тўкиш ўрнига” яриморолга сотишни таклиф қилди.

Украиналик сиёсатчи ва амалдорлар Қримни қайтариб олиш ҳақида бир неча бор гапиришган. Мамлакатнинг собиқ президенти Леонид Кравчук бу мақсадни амалга ошириш учун яриморолга алоҳида мақом беришни, бунда “ҳокимият субъекти қрим татарлари” бўлишларини таклиф қилганди.

Эслатиб ўтамиз, Қрим 2014 йилда ўтказилган референдумдан сўнг Россия таркибига кирган.

Мавзуга оид