Жамият | 15:30 / 15.07.2018
26398
2 дақиқада ўқилади

“Ватанпарвар” ташкилотининг раҳбарига пора олгани учун суд ҳукми ўқилди

Фото: artleo.com

2018 йил 13 июль куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман суди “Олмазор ўқув” спорт техника клуби унитар корхонаси биносида, сайёр очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Судья М.Абидовнинг раислигида ўтган суд мажлисида Мирзаев Зафар Захировичга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқилди.

Маълум бўлишича, З.Мирзаев 2016 йил 31 май кунидан бошлаб Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Тошкент шаҳар ташкилоти “Олмазор ўқув” спорт техника клуби унитар корхонаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган. У Б.Холбозоровнинг ўқув машғулотларига келмаслиги ҳолатига чора кўрмаслик ва топширилиши лозим бўлган 083-сонли тиббий маълумотномани олишда амалий ёрдам беришни ваъда қилиб, 2018 йил 12 март куни ўз хизмат хонасида Б.Холбозоров ва А.Муртазаевлардан 300.000 сўм ва 100 АҚШ доллари пул маблағларини пора тариқасида олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланган.

Суд З.Мирзаевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми (пора олиш), шунингдек,  ЖКнинг 45-моддасини (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) қўллаб, 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 75 баравари миқдорида 12.918.000 сўм жарима жазоси тайинлади ва давлат фойдасига ундирилиши белгиланди.

Мавзуга оид