Ўзбекистон | 14:10 / 20.07.2018
6357
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Тожикистон темир йўл компаниялари транзит сафарлар бўйича келишиб олди

Усмон Қаландарзода/Фото: Asia-Plus

Тожикистон ва Ўзбекистон темир йўл компаниялари вакиллари Ўзбекистон ҳудудида транзит поездларнинг йўловчилари учун чипталарни сотиш ва чиқариш/тушириш бўйича келишиб олдилар. Бу ҳақда «Тожикистон темир йўллари» раиси ўринбосари Усмон Қаландарзода маълум қилди, деб хабар бермоқда «Азия-плюс».

«Узоқ вақт давомида ҳал қилиниши зарур бўлган масалалардан бири - Ўзбекистон ҳудудида Тожикистон поездларининг йўловчиларини чиқариш - тушириш ва чипталарни сотиш эди. Маълум вақт давомида давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари турли сабабларга кўра ўз розилигини бермаган. Бироқ, Тожикистон ва Ўзбекистон транспорт соҳаси вакилларининг яқинда бўлиб ўтган учрашувида келишувларга эришилди», - деди у. 

«Томонлар йўловчиларни тушириш-чиқариш ва чипталарни сотиш бўйича тенг ҳуқуқли асосда келишиб олдилар», - дея қўшимча қилиб ўтди Тожикистон Транспорт вазирлиги раҳбари Худоёр Худоёров.

Қаландарзоданинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда ушбу масалани тартибга солиш учун муайян расмиятчиликларга амалга қилиш ва алоҳида ҳужжатни қабул қилиш керак. 

Мавзуга оид