Исроилда қабул қилинган қонун араб давлатлари норозилигига сабаб бўлмоқда
Араб давлатлари лигаси бош котиби Аҳмад Абу ал Ғайт Исроил ҳукуматининг Фаластин халқига қарши йўналтирилган ҳаракатлари устидан халқаро тергов ўтказишга чақирди. Миср пойтахтида бўлиб ўтаётган Араб парламенти иттифоқининг фавқулодда йиғилишида Лига раҳбари ана шундай мурожаат билан чиқди, деб ёзади Al-Ahram газетаси.
Абу ал Ғайт "Исроилнинг Фаластин халқи ҳуқуқларини поймол қилиш, хусусан Ғазо минтақасининг қамал қилинишига қаратилган жиноятларини" халқаро даражада тергов қилишга чақирди. Бош котибнинг сўзларига кўра, "Фаластин муаммоси ўта хавфли даврни бошидан кечирмоқда". Унинг айтишича, бу бевосита "Вашингтондагилар Фаластин инқирозини ҳал қилади деб ҳисоблаган қарорлари, яъни Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиш қарори ортидан БМТнинг фаластинлик қочоқларга ёрдам берувчи Яқин Шарқдаги агентлиги фаолиятининг тўхтатилиши ва агентликка молиявий ёрдамнинг музлатилиши, Вашингтоннинг Фаластин раҳбариятига душманларча муносабати" билан боғлиқ.
30 мартдан буён фаластинликлар Ғазода "Қайтиш марши"ни ўтказишмоқда. Ҳар жума куни намойишлар оммавий тус олганида Исроил билан чегарадош ҳудудларда тўқнашув ва тартибсизликлар юз бермоқда. Фаластинлик шифокорларнинг маълумотларига кўра, март ойидан буён Ғазо минтақасида Исроил ҳарбийлари билан тўқнашувлар оқибатида 130га яқин фаластинлик ҳалок бўлган, ўн минглаб кишилар жароҳатланган.
Исроилнинг миллий туси ҳақидаги қонуни
Аҳмад Абу ал Ҳайт шунингдек, Исроил парламенти томонидан қабул қилинган Исроилнинг миллий туси ҳақидаги қонун Фаластин халқига нисбатан камситиш сиёсатини мустаҳкамлайди.
Абу ал Ғайтнинг таъкидлашича, мазкур қонун "Исроил кучларининг қамалдаги Ғазо минтақасидаги тинч намойишчиларга қарши зўравонлиги кучайишига, оддий фуқароларнинг ҳалок бўлишига олиб келади ва халқаро қонунчиликка зиддир".
Миср ҳукумати ҳам мазкур қонуннинг қабул қилинишига нисбатан ўз муносабатини билдириб, халқаро ҳамжамиятни бу борада ҳамкорликка чорлади. Миср ТИВнинг баёнотида халқаро ҳамжамият "Фаластин халқини ҳимоя қилишда ҳал қилувчи ролни ўйнашга ва икки мустақил давлат, хусусан Фаластин давлатини тузиш тамойилига асосланган тинчлик жараёнини олға суриш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришга" чақирилди.
Исроил давлатининг яҳудийча туси ҳақидаги қонун 19 июль куни мамлакат парламенти томонидан қабул қилинди. Унда "Исроил давлати яҳудий халқининг ўз диний, маданий ва тарихий ҳуқуқини белгилайдиган миллий давлати эканлиги" айтилади.
Ҳужжатда шунингдек, Қуддус Исроилнинг "ягона ва бўлинмас" пойтахти эканлиги, иврит тили давлат тили бўлиб, яҳудийларнинг Исроилга келиб жойлашиш ҳуқуқлари қонуний асосда белгилаб қўйилди. Бундан ташқари, унда "давлат яҳудий аҳоли масканларининг ривожланишига миллий манфаат сифатида қараши ва буни рағбатлантириш, олға суриш ва амалга ошириш учун чоралар кўриши" айтилган.