Ўзбекистон | 15:18 / 26.07.2018
10042
6 дақиқада ўқилади

1 сентябрдан божхона расмийлаштируви тартибига қандай ўзгартиришлар киритилади?

Давлат божхона қўмитасининг Тошкент шаҳар божхона бошқармасида тадбиркорлик субъектларини давлат хизматлари, хусусан божхона хизматининг сифатини янада ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан таништириш мақсадида учрашув ташкил этилди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган тадбир ташқи иқтисодий фаолият, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспорт-импорт божхона расмийлаштируви йўналишидаги ҳамкорлик ишларини келгусида янада самарали ташкил этиш, бу борада яратилаётган қулайликларни кенг тарғиб қилиш ва амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда юзага келаётган муаммоли масалаларни тезкорлик билан ечиш, таклиф ва мулоҳазаларни ўрганишга қаратилгани билан аҳамиятли.

Тадбирда ташқи иқтисодий фаолият, экспорт-импорт божхона расмийлаштируви ва инвестицияларни жалб этишда яратилаётган қулайликлар ҳамда қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар ҳақида батафсил маьлумот берилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3818-сон қарорига кўра, 2018 йил 1 сентябрдан божхона расмийлаштируви тартибига қуйидаги ўзгартиришлар киритилади:  

- чегара божхона постларида божхона органлари томонидан божхона назорати ўтказилганда ветеринар, фитосанитар, экологик ва санитар-эпидемиологик назорат ҳам амалга оширилади;

- иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига (ИҲРТ) аъзо давлатларнинг аккредитациядан ўтган органлари томонидан мувофиқлик сертификатлари берилган, Ўзбекистонга олиб кирилаётган товарларга нисбатан мажбурий мувофиқлик сертификатлаштиришни амалга ошириш талаб этилмайди;

 - товарларнинг «эркин муомалага чиқариш (импорт)» режимига божхона расмийлаштируви учун товарларни давлат тилида мажбурий маркировка қилиш талаб этилмайди;

- «божхона омбори» режимида 6 ойдан кўп бўлган товарларнинг божхона расмийлаштирувида Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан божхона тўловлари юзасидан тақдим этилган имтиёзлар қўлланилмайди.

Бундан ташқари, кўрсатилган санага қадар ДБҚ сайтида «Интеграциялашган тариф» интерактив хизмати жорий этилади. Унинг ёрдамида товарларнинг божхона чегараси орқали ҳаракати режимини тартибга солувчи барча норматив ҳужжатлар, товарларнинг божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган ҳужжатлар, ҳар бир товарга мос равишда божхона божлари ставкалари, ушбу ҳужжатларни берувчи органлар тўғрисидаги батафсил ахборот ва бошқа маълумотларни реал вақт режимида олиш мумкин бўлади.  

«Интеграциялашган тариф» интерактив хизмати орқали тақдим этиладиган ахборотнинг, жумладан санитар-карантин, фитосанитар ва ветеринар назорати бўйича, рухсатнома бериш хусусиятига эга бўлган бошқа ҳужжатларнинг расмийлаштирилиши тўғрисидаги талабларнинг тўлиқ рўйхати 2 ой муддатда тасдиқланади.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Шунингдек, мазкур қарор билан 2019 йил 1 январдан амалиётга киритиладиган импорт божхона божлари ставкалари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган, акциз солиғига тортиладиган товарларга акциз солиғи ставкалари тасдиқланди.

Тадбирда хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасида яратилган қулайликлар тўғрисида ҳам батафсил маълумотлар берилди.

Жумладан, “АКА Petroleum” МЧЖ ХК ўзининг Россия Федерацияси ва Туркия давлатларидаги ҳамкорларини жалб қилган ҳолда 2018 – 2019 йилларда “Тошкент-товар” ҳамда “Чуқурсой” станцияларида замонавий мультимодал транспорт-логистика марказларини барпо этиш истагини билдириб ўтди. Лойиҳа қиймати 128,0 млн АҚШ долларни ташкил этади.

Ҳозирда ушбу инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича режалаштириш ва лойиҳалаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Тошкент шаҳар божхона бошқармасида жорий йилнинг олти ойи давомида 36 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар томонидан импорт қилинган товарларга амалдаги қонунчиликка асосан 20,8 млрд сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар берилди.

Ўрганиш жараёнида экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларда мавжуд муаммо ва таклифларга аниқлик киритиш ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича маълумотлар шакллантирилди. Унга кўра корхонанинг умумий маълумоти, маҳсулот тури, шундан экспорт ва ички бозорга чиқарилган маҳсулотлар ҳажми, импорт учун қилинадиган хом-ашё, мавжуд муаммоси, билдирилган таклифлари ва эришиладиган экспорт кўрсаткичлар истиқболлари тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилиб, ишчи тартибда кўриб чиқилди.

Учрашув давомида иштирокчиларга тизимдаги коррупция ва тамагирлик ҳолатларига қарши курашишда жамоатчиликнинг ҳам фаол кўмаги зарурлиги, унга қарши биргаликда курашиш кераклиги, бу борада божхона, прокуратура ва солиқ органлари томонидан ҳар қандай амалий ва ҳуқуқий жиҳатдан кўмак берилиши, куннинг исталган вақтида ушбу идораларнинг “Ишонч телефон”лари орқали мурожаат қилишлари мумкинлиги алоҳида қайд этилди.

Тадбир сўнгида божхона иши ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама қулайликлар яратиш бўйича давлат органлари ҳар қандай кўмак беришга, коррупция ва бошқа ҳар қандай иллатларга қарши курашишда кенг ҳамкорлик қилиш муҳимлиги, бундан ҳар бир тадбиркорлик субъекти ва жамиятнинг ҳар бир аъзоси манфаатдор эканлиги таъкидланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид