12:26 / 28.07.2018
6132

МБ сўровномаси: иқтисодиётдаги ҳолат нисбатан яхшиланган

Фото: Марказий банк

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан жорий йилнинг II чорагидан бошлаб, Марказий банкнинг таҳлилий ва тадқиқотлар базасини ривожлантириш, пул-кредит сиёсати чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда фойдаланиш мақсадида иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг жорий иқтисодий ҳолати ва истиқболдаги кутилмаларини ўрганиш юзасидан даврий (чораклик) сўровнома ўтказиш йўлга қўйилди.

Жорий йилнинг II чораги якуни бўйича ўтказилган сўровнома натижалари умуман олганда мазкур чорак мобайнида республика иқтисодиётидаги ҳолатнинг I чоракка нисбатан яхшиланганлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, сўровномада қатнашган корхона ва ташкилотларнинг 82 фоизи сўнгги чоракда иқтисодиётдаги ҳолатнинг нисбатан яхшиланганлигини, шу жумладан 56 фоиз респондентлар маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ҳажмларининг реал ҳисобда ошганлигини, экспортёр корхона ва ташкилотларнинг 43 фоизи эса экспорт ҳажмининг ошганлигини маълум қилган.

Шунингдек, иқтисодий ҳолатнинг яхшиланиши ва ишлаб чиқариш ҳажмларининг ошишига мос равишда, респондент корхона ва ташкилотларнинг 46 фоизида жорий йилнинг II чораги давомида иш ўринлари сони кўпайган. Юқоридаги ижобий ўзгаришлар мамлакат иқтисодиётида сўнгги даврларда амалга оширилаётган таркибий ислоҳотлар, хусусан валюта бозори фаолиятининг эркинлаштирилиши, ташқи савдо шарт-шароитларининг яхшиланиши, бизнес ва инвестицион муҳитни яхшилаш бўйича ишларнинг кучайтирилиши билан изоҳланиши мумкин.

2018 йилнинг II чораги мобайнида респондент корхона ва ташкилотларнинг фақатгина 43 фоизи ишлаб чиқаришни янгилаш ва кенгайтириш билан боғлиқ инвестицияларни амалга оширганлиги иқтисодиётнинг реал секторида инвестицион фаолликнинг нисбатан суст даражада шаклланганлигини англатади

Сўровнома доирасида реал сектор корхоналари маҳсулотлари (иш, хизматлари) нархларининг ўзгариши ҳам ўрганилган бўлиб, сўровнома натижалари респондент корхона ва ташкилотларнинг қарийб 40 фоизида нархларининг ўтган чоракка нисбатан оширилганлигини кўрсатди. Бунда, респондентларнинг 31 фоизида нархларнинг 1-5 фоиз оралиғида ва 39 фоизида 6-10 фоиз оралиғида оширилганлиги иқтисодиётда маълум даражадаги инфляцион босимнинг сақланиб турганлигини кўрсатмоқда.

Шунингдек, сўровнома натижалари иқтисодиётнинг реал секторидаги ўсиш динамикасининг 2018 йил якуни бўйича ҳам сақланиб қолиши кутилаётганлигини кўрсатмоқда. Жумладан, респондент корхона ва ташкилотларнинг қарийб 70 фоизида маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ҳажмининг 2017 йилга нисбатан ошиши, шу жумладан респондентларнинг 20 фоизида ўсиш суръатининг 1-5 фоиз оралиғида, 30 фоизида эса 6-10 фоиз оралиғида бўлиши кутилмоқда.

Top