Жаҳон | 08:28 / 29.07.2018
6861
2 дақиқада ўқилади

Туркия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни сақлаб қолиш йўли маълум қилинди

Фото: Haberturk

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг расмий вакили Иброҳим Қалин агар Вашингтон Анқаранинг хавфсизлик соҳасидаги хавотирларига тушуниш билан қараса, Туркия ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни сақлаб қолиш ва янги даражага олиб чиқиш мумкинлигини айтди.

“Агар АҚШ маъмурияти Туркиянинг хавфсизлик соҳасидаги хавотирларига жиддий муносабатда бўлса, ўзаро муносабатларни сақлаб қолиш ва яхшилаш мумкин. Туркия НАТО бўйича иттифоқдоши унинг мамлакат ичидаги ва ташқарисидаги миллий хавфсизлигига тақдид қилаётганда, унинг бу хатти-ҳаракатларига кўз юма олмайди”, деб айтган Қалин Daily Sabah нашридаги мақоласида.

Унинг таъкидлашича, “АҚШ президенти Трампда Эрдўған ва Туркия билан муносабатлар борасида яхши истаклар бўлиши мумкин”. “Агар муносабатлар ўзаро ҳурмат ва манфаатларга асосланган бўлса, бу монанд жавобга олиб келади. Туркияга қарши таҳдидлар иш бермайди. Бу фақатгина муносабатларга зарар етказади”, деб айтган Қалин.

“АҚШ охирги йиллар Туркия билан мустаҳкам ва ўзаро манфаатли бўлган стратегик шерикликка путур етказиш ва муносабатларни заифлаштириш учун бир неча қадам амалга оширди. Туркия бу муносабатларни Вашингтондаги узоқни кўзламайдиган сиёсатчилардан асрашга уриниб, унинг ёмонлашишида ҳеч қандай роль ўйнамаган”, деб таъкидлаб ўтилган мақолада.

Қалиннинг таъкидлашича, “АҚШнинг ҳаракатлари турк амалдорлари ва аҳолисида жиддий ишончсизлик келтириб чиқарган”. “АҚШ Раққани озод қилишда Туркия қуролли кучлари билан ҳамкорлик қилишни истамади. Бунинг ўрнига улар курд мудофаа отрядлари террорчилари билан алоқа ўрнатдилар”, деб қўшимча қилган Қалин.

Мавзуга оид