Жаҳон | 13:59 / 31.07.2018
11536
2 дақиқада ўқилади

Иккита корейс давлати ягона байроқ остида ҳаракатланиши мумкин

Фото: KCNA via REUTERS/File Photo

Индонезия Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Инни шу йилнинг августида Жакарта шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё ўйинлари очилиш маросимига таклиф этди. 

Reuters хабарига кўра, Жанубий Корея раҳбари Мун Чже Ин ҳам мазкур тадбирга таклиф этилган. 

Апрель ойида иккала корейс давлати Ташқи ишлар вазирлари август ва сентябрьда ўтказиладиган Осиё ўйинлари очилиш маросимида ягона жамоа сифатида қатнашишга келишиб олишганди. 

Индонезия Инсоният тараққиёти ва маданият ишлари вазири Пуан Маҳарани бошчилигида делегация шу ҳафта Шимолий Кореяда бўлиб, Халқ олий мажлиси раиси Ким Ёнг Нам билан учрашган. 

«Бу ерга келишимиздан мақсад Шимолий Корея президентини 18 августдаги Осиё ўйинлари очилиш маросимида қатнашишлари учун расмий таклиф қилишдир», деди вазир учрашувда.

Шунингдек, ташриф чоғида Шимолий ва Жанубий Корея муносабатлари, ҳудудий муаммолар, жангариларга қарши курашда Индонезия полициясининг ҳаракатлари ўзаро муҳокама қилинди. 

Делегация ўтган ҳафта худди шу таклиф билан Сеулга борганди. Президент Мун таклифни мамнуният билан қабул қилган. 

Апрелда Видодо Шимолий ва Жанубий Корея саммитини ўтказишни таклиф этганди.

Аввалроқ, икки мамлакат Пёнгчангдаги Олимпия ўйинлари очилиш ва ёпилиш маросимларида ягона байроқ остида бирлашган эдилар. Жакарта ва Палембанг шаҳарлари мезбонлик қиладиган Осиё ўйинлари икки давлат ҳамкорлигини янада кучайтиришига умид қилишмоқда.  ​

Мавзуга оид