Олмалиқ кон-металлургия комбинати раҳбари ўзгарди
2008 йилдан буён «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖга раҳбарлик қилиб келган Александр Касимович Фармонов лавозимини тарк этган. «Kun.uz» манбаси маълумотига кўра, у бошқа раҳбарлик лавозимига ўтказилган.
Эндиликда ОКМКга 2017 йил августидан буён Бекободдаги «Ўзбекистон металлургия комбинати» акциядорлик жамиятига бош директор бўлиб келган Абдулло Холмуродович Хурсанов раҳбарлик қилади.
Абдулло Хурсанов 1966 йилда туғилган. 1991 йилда Тошкент архитектура-қурилиш институтини, 2005 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.
У «Ўзбекистон металлургия комбинати» раҳбарлигига келишдан олдин «Навоий тоғ-металлургия комбинати» давлат корхонаси бош директорининг истиқболдаги ривожланиш ва инвестициялар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаганди.
1958 йилда Тошкент вилоятида туғилган Александр Фармонов 1975 йилдан буён металлургия саноатида ишлаб келган. У 1985-1995 йилларда Бекобод цемент комбинатида директор бўлган, 1995 йилдан 2008 йилгача «Ўзбекистон металлургия комбинати»га раҳбарлик қилган, 2008 йилда «Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати» ОАЖ бош директори, 2017 йилдан «Олмалиқ КМК» АЖ бошқаруви раиси бўлган.